Тожикистон шарқида террорга қарши операция бошланди
Олам
−
18 Май 2022
7866Тожикистон куч тузилмалари мамлакат шарқидаги Тоғли Бадахшон автоном вилоятида террорга қарши операция бошлади. Бу ҳақда мамлакат ИИВ матбуот марказига таяниб хабар берилган.
“Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш мақсадида Тоғли Бадахшон автоном вилояти Рушон туманидаги автомобиль йўлининг бевосита давлат чегараси чизиғидаги “Душанбе-Кульма” халқаро автомобиль йўлини ноқонуний равишда тўсиб қўйган”, дейилади баёнотда.
Қўшимча қилинишича, давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фуқаролар хавфсизлигини, жамоат тартибини таъминлаш ва транспорт воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатини тиклаш мақсадида антитеррор операциясини бошлаган.
Матбуот маркази хабарида жиноятчилар халқаро террорчилик ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланган қурол ва ўқ-дориларни мамлакатдан ташқарида олгани, шунингдек, террорчилик ҳаракатлари ва бошқа провокациялар уюштириш учун хорижий ёлланма аскарларни жалб қилгани қайд этилган.
Ҳуқуқ-тартибот идорасига кўра, ҳужумчиларнинг ҳаракатлари конституциявий тузум асосларига атайлаб қарши қаратилган. Жиноий гуруҳлар ҳуқуқ-тартибот идораларининг қурол-яроғ ва ўқ-дориларни топшириш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган ва қуролли қаршилик кўрсатган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 14 май куни Тоғли Бадахшон вилоятида митинг бўлиб ўтди. Таъкидланишича, ушбу митинг “ноқонуний акция” бўлиб, у “мамлакат хавфсизлигига” путур етказиш мақсадида уюштирилган. Расмийлар бу ҳаракатларни терроризм деб баҳолаган.