Тожикистон хавотирда. Афғонистон билан постлар 100 дан ошди
Олам
−
07 Август 2023
16294“Толибон” ҳокимият тепасига келиб, Афғонистондан таҳдидлар кучайгач, Тожикистон чегара назоратини кучайтириб, постлар сонини 100 дан оширди. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Хайриддин Усмонзодага таяниб, “Asia-Plus” хабар берди.
Айтилишича, Тожикистоннинг Афғонистондаги “Толибон” ҳукуматини тан олиш масаласидаги позицияси ўзгармаган. Расмий Душанбе Тожикистон ва Афғонистоннинг чегарадош ҳудудларида хавф кучаяётганидан доимо хавотир билдириб, кўплаб террорчилик гуруҳлари қўшни давлат ҳудудида тўпланганини айтган. Тожикистон расмийлари бир нечта янги чегара постлари қурилишини маълум қилган.
Шунингдек, Хайриддин Усмонзода мамлакатнинг “Толибон”га нисбатан позициясига яна бир бор ойдинлик киритиб, у ўзгармаганини, аммо иқтисодий алоқалар борлигини қўшимча қилган.
“Бу давлатга яқинлигимизни ҳисобга олиб, биз иқтисодий ҳамкорликни тўхтатмаймиз. Чунки Афғонистон халқининг Тожикистон томонидан қўллаб-қувватланиши, аввало, иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга боғлиқ. Тожикистон ўзининг барча транспорт йўлакларини қўшни давлатлар ва бу давлатга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиши мумкин бўлган халқаро ташкилотлар ихтиёрига берди. Аммо сиёсий муносабатга келсак, Тожикистоннинг “Толибон”га нисбатан позицияси ўзгармаган ва барқарор”, деган Хайриддин Усмонзода.
Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари қўшни давлатда хотин-қизларнинг меҳнат ва ўқиш ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган инклюзив ҳукумат бўлиши зарурлигини яна бир бор таъкидлаган ва бу дунёнинг деярли барча давлатларидан “Толибон” ҳукуматига қўйилган талаб эканини хотирлатган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида Тожикистоннинг Афғонистон билан чегара ҳудудида наркотик савдогарлари билан отишма содир бўлиб, унда тожикистонлик чегарачи ҳалок бўлганди. Июнь ойида эса “Da Afghanistan Breshna Sherkat” электр компаниясининг тижорат директори Абдул-Раҳмон Раҳимий Афғонистон 96 миллион долларлик электр энергиясини Тожикистондан харид қилганини маълум қилди.
LiveБарчаси