Тожикистон афғонистонликларни депортация қилди

Олам

image

Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг Миграция вазирлиги 28-29 май кунлари “номаълум сабабларга кўра” 49 нафар афғон муҳожири Тожикистондан депортация қилинганини маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, 49 нафар афғонистонлик муҳожир 31 май куни Қундуз вилоятидаги Шерхон чегара пункти орқали ўз ватанларига қайтарилган. “Толибон”га кўра, улардан 36 нафарининг Тожикистонда яшаш учун рухсатномаси, 13 нафарининг паспорт ва визаси бўлган. Афғонистон ҳукумати уларнинг депортация сабаби номаълум эканини таъкидлади.

Тожикистон расмийлари бу борада ҳеч қандай қўшимча маълумот бермаган.
Бир ой олдин, 21 апрель куни ҳам Афғонистон ёш журналистлар маркази Тожикистон 50 га яқин афғон қочқинини мамлакатдан Афғонистонга депортация қилгани ҳақида хабар берган эди. Ўшанда Ваҳдат шаҳрида яшовчи бу шахслар БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси томонидан берилган барча қочқин ҳужжатларига эга эканлиги маълум қилинган. Уларнинг аксарияти Ваҳдат шаҳрида такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган.

“Қочқинлар Ваҳдат шаҳар хавфсизлик бўлимига чақирилиб, ҳужжатлари олиб қўйилган, сўнгра икки машинада чегарага олиб кетилган. Шунингдек, кўча ва бозорларда бўлган ва харид қилган яна бир қанча қочқинлар Тожикистон хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олиниб, Афғонистонга депортация қилинди”, деб хабар берди манба.

Халқаро ташкилотлар афғонларнинг “Толибон” назорати остидаги ўз мамлакатига депортация қилиниши уларнинг ҳаётига хавф туғдираётганини қайд этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистондан ўнлаб афғонистонлик қочқинлар депортация қилинган, кейин депортация сабаблари тушунтирилган. Улар соқол қўйгани, бегона кийим кийгани, спиртли ичимликлар истеъмол қилгани, ижтимоий тармоқларда сиёсий мунозаралар олиб боргани ва умуман мамлакатда бўлиш қоидаларини бузгани учун ҳайдалган. БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги Тожикистон расмийларини афғон муҳожирларини ҳаёти хавф остида бўлган давлатга депортация қилишдан тийилишга чақирди ва уларни учинчи давлатларга юбориш ёки жиноий жавобгарликка тортишни таклиф қилди.

Норасмий маълумотларга кўра, айни пайтда Тожикистонда, асосан, Душанбе ва Ваҳдат шаҳарлари ҳамда Рудакий вилоятида 10 мингдан ортиқ Афғонистон фуқароси истиқомат қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Тожикистон Толибон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг