Тожикистон-Афғонистон чегарасида 10 тоннадан ортиқ наркотик модда мусодара қилинди
Олам
−
23 Сентябрь 2023
5300Охирги икки йил ичида, радикал “Толибон” ҳаракати тарафдорлари Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган пайтда Тожикистоннинг ваколатли органлари Тожикистон-Афғонистон чегарасида 10 тоннадан ортиқ гиёҳванд моддаларни мусодара қилди. Бу ҳақда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йоркдаги 78-сессиясида айтиб ўтди.
“Сўнгги икки йилда наркотик моддалар контрабандаси, айниқса, Афғонистондан олиб ўтилиши сезиларли даражада ошди. Бу даврда Тожикистоннинг ваколатли органлари ушбу давлат билан чегарада 10 тоннадан ортиқ наркотик моддаларни мусодара қилди, бу аввалги йилларга нисбатан бир неча баробар кўпдир”, дейди Президент.
Ўсиб бораётган терроризм, экстремизм, наркотрафик ва бошқа глобал таҳдидларга қарши чоралар комплекс бўлиши кераклигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Тожикистон раҳбари Афғонистон ҳали ҳам оғир сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий вазиятда эканини таъкидлади.
“Бу дунёдаги энг йирик умумбашарий инқироз”, дейди Раҳмон Марказий Осиёдаги хавфсизлик, барқарорлик ва минтақавий ҳамкорлик бевосита Афғонистондаги вазиятга боғлиқлигини қўшимча қилиб.
Шу нуқтаи назардан, у Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ва барқарорликка эришишнинг муҳим асоси сифатида афғонлараро мулоқотни йўлга қўйиш ва барча этник, сиёсий ва ижтимоий гуруҳлар вакиллари иштирокида чинакам қамраб олувчи ҳукуматни яратиш кераклигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида Афғонистон масаласига тўхталиб, инкор қилиш, яккалаб қўйиш ва санкциялар қўллаш оддий афғон халқининг аҳволини янада оғирлаштираётганини айтган эди. Унинг қайд этишича, халқаро хавфсизлик Афғонистондаги жараёнлар билан бевосита боғлиқдир. Ушбу мамлакатда янги вазият вужудга келган бўлиб, у афғон масаласини ҳал этишда ўзига хос ёндашувларни талаб этмоқда.
Маълумот учун, “Толибон” ҳаракати АҚШ 2021 йил баҳорида ўз қуролли кучларини олиб чиқиш қарорини эълон қилганидан сўнг Афғонистон устидан назорат ўрнатиш бўйича кенг кўламли операцияни бошлади. 15 август куни радикаллар Қобулга жангсиз кириб келди ва 7 сентябрда қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.