Афғонистонни ёлғиз қолдириш – бу катта хато – Мирзиёев
Жамият
−
20 Сентябрь 2023
3662Инкор қилиш, яккалаб қўйиш ва санкциялар қўллаш оддий афғон халқининг аҳволини янада оғирлаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида сўз очди.
Унинг қайд этишича, халқаро хавфсизлик Афғонистондаги жараёнлар билан бевосита боғлиқдир. Ушбу мамлакатда янги вазият вужудга келган бўлиб, у афғон масаласини ҳал этишда ўзига хос ёндашувларни талаб этмоқда.
“Афғонистонни ўз муаммолари билан яна ёлғиз қолдириш – бу катта хато бўлади. Инкор қилиш, яккалаб қўйиш ва санкциялар қўллаш оддий афғон халқининг аҳволини янада оғирлаштирмоқда”, дейди Президент.
Мирзиёевнинг ҳисоблашича, афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик лозим.
“Афғонистоннинг музлатилган халқаро активларини бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш учун мақбул механизмларни ишлаб чиқишга чақирамиз. Бизга тинч ва барқарор, минтақавий ҳамкорлик жараёнларида иштирок этадиган, қўшнилари ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли шериклик учун очиқ Афғонистон керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.
У дунё ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашишга чақирди.
“Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳнамолигида Афғонистон бўйича биргаликда ишлаб чиқилган, вазиятга мослашувчан ва конструктив позицияни белгилаш принципиал жиҳатдан муҳим, деб ҳисоблайман”, дейди Ўзбекистон раҳбари.
Маълумот учун, Афғонистоннинг бутун ҳудуди устидан назорат ўрнатган “Толибон” аёллар ва қизларга турли чекловлар қўя бошлади ва буни давлатда “тегишли исломий муҳит” яратиш зарурати билан изоҳлади. 2022 йил декабрь ойида афғон университетларида қизлар учун дарслар тўхтатиб қўйилди, кейинроқ университетларда аёлларнинг, жумладан профессор-ўқитувчиларнинг бўлиши тақиқланди, шунингдек, аёлларни миллий ва халқаро нодавлат ташкилотларда ишлашдан четлаштириш буюрилди. Ушбу қарорлар бир қатор хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ томонидан танқид тўлқинига сабаб бўлди.
Афғонистондаги инқироз
2021 йил август ойида Афғонистонда бошқарув “Толибон” томонидан эгаллаб олиниши ортидан, халқаро ташкилотлар ва молия жамғармалари Афғонистонга тегишли бўлган 10 миллард АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни музлатиб қўйган. Ушбу маблағларнинг 7 миллард доллар атрофидаги қисми АҚШда сақланаётган эди.
Ҳокимият тепасига келган “Толибон” АҚШ ва халқаро ташкилотлардан Афғонистоннинг музлатилган пулларини афғон халқига қайтаришни талаб қилиб келяпти. “Толибон” пулларни қайтариш ва афғон халқига кўрсатиб келинган гуманитар ёрдамларни яна қайта йўлга қўйиш борасида БМТ ва АҚШ ҳукумати билан бир неча бор музокаралар олиб борган.
2001 йилнинг 11 сентябрь куни АҚШда бир қатор террорчилик ҳаракатлари амалга оширилган. Бунинг ортида эса “Ал-Қоида” турган эди. Ўша пайтда Афғонистонни бошқараётган “Толибон” “Aл-Қоида”нинг раҳбари Усама бен Лоденга мамлакатда бошпана берган ва уни Ғарб кучларига топширишдан бош тортганди. Бунга АҚШ бошчилигидаги НАТО кучлари 20 йиллик Афғонистондаги уруш билан жавоб қайтарди: 2001 йилда “Толибон”ни ҳокимиятдан ағдарди, 2011 йилда Усама бен Лоденни йўқ қилди.
LiveБарчаси