Тожикистон 100 минглаб афғонистонлик қочқинларни қабул қилишга тайёр эканини маълум қилди
Олам
−
23 Июль 2021
6356Тожикистон Афғонистондан 100 мингга яқин қочоқни қабул қилишга тайёр. Бу ҳақда Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раҳбарининг ўринбосари полковник Имомали Иброҳимзода бугун, 23 июль куни журналистларга сўзлаб берди .
Таъкидланишича, Тожикистон қочқинларни мамлакат Мудофаа вазирлигининг Афғонистон билан чегарага яқин ҳудудларидаги ҳарбий полигонларига жойлаштиришни кўзламоқда.
«Халқаро ташкилотлар билан биргаликда биз республиканинг афғон қочқинларини қабул қилиш имкониятларини ўрганмоқдамиз», дейди полковник. Имомали Иброҳимзодага кўра, агар керак бўлса, мамлакат Афғонистондан янада кўпроқ қочқинларни қабул қилиши мумкин.
Унинг сўзларига кўра, яқин кунларда Тожикистоннинг Кушониён тумани ва Хоруғ шаҳри ҳудудида иккита махсус омбор фойдаланишга топширилади. У ерда потенциал афғон қочқинлари учун чодирлар, кўрпа-тўшаклар, гигиена воситалари ва идиш-товоқлар сақланади.
Полковникнинг айтишича, июль ойида 1574 нафар афғонистонлик қочқин Тожикистонда бошпана топган. Уларга ҳукумат давлат ҳисобидан тиббий ёрдам, яшаш учун чодирлар, кунига уч марта иссиқ овқат, кўрпа-тўшаклар ва ошхона анжомлари берган.
“Ушбу афғон қочқинлари 11 та чартер рейслари билан уйларига Қобул ва Мозори Шариф шаҳарларига қайтарилди”, дейди Иброҳимзода.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 июль куни Тожикистоннинг Хатлон вилояти раҳбари Қурбон Ҳакимзода давлат ҳисобидан мамлакатнинг Жайхун туманида афғонистонлик қочқинлар учун вақтинчалик марказ қурилишини маълум қилганди.
Вилоят раҳбари ўз сўзида Тожикистонда фуқаролар уруши бўлгай йиллар (1992-1997) тожикистонликлар Афғонистонда жон сақлаганини эслатиб ўтган.
“Бир нарсани унутмаслик керак, мамлакатимизда фуқаролик уруши бўлган вақтларда афғонлар бизнинг фуқароларимизни қабул қилган, ойлар мобайнида овқат ва жой билан таъминлган. Бугун эса уларнинг ўзи мусибатда ва биз шунчаки инсонийлик нуқтайи назаридан уларга ёрдам беришимиз шарт. Албатта, хавфсизлик ва санитария нормаларини ҳисобга олган ҳолда”, дея таъкидлайди Ҳакимзода.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида «Толибон» ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳат кучлари бир қатор қўшни давараклатлар - Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь