Тожик-қирғиз ўртасида протокол имзоланди. Томонлар нимага келишди?

Олам 5622
image

Бугун, 5 июнь куни Қирғизистон ва Тожикистон икки ўртадаги чегара масаласини тинч йўл билан ҳал этиш ва чегарачилардан ташқари барча ҳарбий қисмларни ўз жойига қайтариш тўғрисида келишиб олди. Бу ҳақда Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича қўшма давлат комиссиясининг йиғилиши якунлари бўйича имзоланган протоколда айтилган.

Қайд этилишича, комиссиянинг ҳамраислари — Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Тошиев ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Саймўмин Ятимов “Карамиқ” чегара пункти ҳудудидаги вазиятни муҳокама қилган ва бир овоздан барча масалалар фақат тинч йўл билан ҳал қилинишини айтган.

Улар имзолаган протоколда “ҳар икки томон чегара постларини 3 км масофада мамлакатнинг ичкарисига жойлаштириш, шунингдек, қўшин ва ҳарбий техникани доимий жойига қайтариш, фақат чегара патрулларини қолдириш тўғрисида” қарор қабул қилинган.

Протоколда Қирғизистон ва Тожикистон чегаранинг ушбу қисмида яйловлардан фойдаланиш бўйича келишувга эришгани қайд этилган. Бундан ташқари, давлат чегарасидаги ҳар қандай ҳаракатлар олдиндан томонларнинг ҳамраислари билан келишилган бўлиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилинган.

Икки мамлакат вакиллари фақат келишилган маълумотларни оммавий ахборот воситаларига етказиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган. Бундан ташқари, топографик ишчи гуруҳлар раҳбарларига икки ўртадаги чегаранинг баҳсли қисмини энг қисқа вақт ичида тавсифлаш топширилган. Шунингдек, томонлар чегараолди қишлоқлар аҳолисига тушунтириш ишларини олиб бориш тўғрисида ҳам келишиб олган.

Эслатиб ўтамиз, қирғиз томони тожик ҳарбийлари 4 июнь куни Қирғизистоннинг Ўш вилояти Чон-Олай тумани “Унжу-Булак” давлат чегарасининг таърифланмаган қисмида ҳарбий контейнер ўрнатганини иддао қилганди.

Бунга жавобан, Тожикистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари Матбуот маркази Қирғизистон томони тарқатган баёнотнинг ҳақиқатга мос келмаслигини қайд этиб, уни рад этган.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 28 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Кўк-Тош қишлоғи яқинидаги “Головной” сув олиш жойидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмида икки мамлакат маҳаллий аҳолиси ўртасида тўқнашув содир бўлди. 29 апрелда Қирғизистон ва Тожикистон хавфсизлик кучлари ўртасида қуролли тўқнашувга айланди. Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен ва Лайлак туманларида отишмалар 30 апрель ва 1 май кунлари давом этди. 

1 май куни томонлар отишмани тўлиқ тўхтатиш ва чегарадан кучларни олиб чиқиб кетиш тўғрисида келишиб олишга муваффақ бўлди. Худди шу куни тожикистонлик ҳарбийлар Қирғизистон ҳудудидан чиқиб кетди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 100
Рейтинг: 3
t
×