Тожик-қирғиз чегарасининг яна бир қисмида отишма бўлди
Олам
−
14 Сентябрь 2022
4673Бугун, 14 сентябрь куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасининг яна бир участкасида чегарачилар ўртасида отишма юз берди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Чегара хизмати хабар берди.
“2022 йил 14 сентябрь куни Боткен туманининг Как-Сай ҳудудида Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари чегарачилари Боткен чегара отрядининг “Дўстук” пости чегарачиларига қарата ўт очди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати чегарачилари жавобан ўқ узган”, дейилади хабарда.
Қирғизистон томонининг маълум қилишича, 14 сентябрь куни тожик чегарачилари Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманининг Булоқ-Баши ҳудудидаги чегаранинг белгиланмаган қисмига ҳам кириб, “жанговар позицияларини эгаллаган”. Қирғизистон ҳарбийларининг ҳудудни тарк этиш талабига жавобан Тожикистон чегарачилари ўт очган, шундан сўнг отишма бошланган.
Қирғизистон томонида икки ҳарбий хизматчи яраланган.
Томонлар вакиллари ўртасида ўт очишни тўхтатиш ва вазиятни тартибга солиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
LiveБарчаси