Тожик-қирғиз чегарасидаги отишмада 20 дан ортиқ киши жароҳатланди
Олам
−
28 Январь 2022
4523Тожик-қирғиз чегарасидаги отишмада икки киши ҳалок бўлган, Қирғизистон томондан 11 киши, Тожикистон томондан эса 10 киши жароҳатланган. Бу ҳақда икки мамлакатнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмиталари чегара қўшинлари Матбуот маркази маълум қилди.
Қайд этилишича, қирғиз томонидаги тўқнашувда тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбийлардан қурбонлар бўлмаган, 11 нафар ҳарбий хизматчи жароҳат олган, улар шифохонага жойлаштирилган.
Тожикистон томонидан эса 10 киши яраланган, улардан 6 нафари ҳарбий хизматчи ва 4 нафари тинч аҳоли вакили бўлган.
“Тожикистон томонида тинч аҳоли орасида қурбонлар бор. Хўжаи Аъло аҳолисидан 1986 йилда туғилган Обиджон Тўйчиев ўз ҳовлисида миномёт портлаши оқибатида ҳалок бўлган. Исфара шаҳридаги тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси, 1964 йилда туғилган Абдулатиф Шарипов ҳам Хўжаи Аъло қишлоғи аҳолисини қутқариш чоғида қирғиз томонидан отилган мина портлаши оқибатида ҳалок бўлди”, дейилади Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари Матбуот маркази берган маълумотда.
Аввалроқ, қирғиз-тожик чегарасида ҳарбийлар ўртасида отишма бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Кейинчалик, тожик-қирғиз чегараси ҳудудида отишма Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбари ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти губернатори ўртасидаги музокаралардан сўнг тўхтатилгани айтилганди.
Шунингдек, Тожикистон шимолидаги Сўғд вилоятининг Исфара шаҳри ҳудудида Тожикистон ва Қирғизистон ваколатли органлари вакиллари учрашув ўтказди, томонлар икки Республика чегарасида юзага келган можаро сабабларини ўрганмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь