Тожик-қирғиз чегарасидаги отишма сабабини ўрганиш бошланди
Олам
−
28 Январь 2022
4707Тожикистон шимолидаги Сўғд вилоятининг Исфара шаҳри ҳудудида Тожикистон ва Қирғизистон ваколатли органлари вакиллари учрашув ўтказди, томонлар икки Республика чегарасида юзага келган можаро сабабларини ўрганмоқда. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари матбуот марказининг баёнотида айтилади.
“Ҳозирда Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегарасидаги вазият барқарор, икки томоннинг тегишли тузилмаларидан иборат қўшма комиссия чегарадаги можаронинг сабаблари ва омилларини ўрганмоқда”, дейилади матнда.
Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тожик-қирғиз чегарасида кеча, 27 январь куни бошланган қуролли тўқнашувда икки киши ҳалок бўлгани ва ўн нафар одам яралангани ҳақида хабар берган.
Аввалроқ, қирғиз-тожик чегарасида ҳарбийлар ўртасида отишма бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Кейинчалик, тожик-қирғиз чегараси ҳудудида отишма Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбари ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти губернатори ўртасидаги музокаралардан сўнг тўхтатилгани айтилганди.
LiveБарчаси