Тошкентнинг янги ҳокими қайси муаммоларни ҳал қилиши керак? Сўровнома ўтказилди

Жамият

image

Жорий йилнинг январь ойида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод қилинди. Собиқ ҳоким ишдан олингандан сўнг, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати пойтахтнинг янги ҳокими, биринчи ўринда, қайси муаммоларни ҳал қилиши зарурлиги ҳақида 107 нафар жамоатчилик фаоллари – сиёсатчилар, журналистлар, блогерлар, ННТ, бизнес ва академик доира вакиллари фикрини билиш мақсадида сўровнома ўтказди.

Энг кўп танланган жавоб вариантлар учлиги қуйидагича:

•  шаҳар бош режаси тасдиқлангунига қадар шаҳарда қурилиш амалга оширишга мораторий эълон қилиш;

•  уй-жой коммунал хизматлар инфратузилмсини, шу жумладан, мавзелар ичидаги электр узатиш линияларини модернизация қилиш;

•  жамоат транспортини яхшилаш.

Қайд этилишича, сўнгги беш йилда Ўзбекистонда 300 мингдан ортиқ турар-жой бинолари (таққослаш учун, 2000–2014 йилларда 86 мингта) қурилган, уларнинг деярли тўртдан бир қисми Тошкент шаҳрида жойлашган. Қурилиш кўплиги, бир томондан, минглаб аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондиришга, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантиришга, иш ўринларини яратишга хизмат қилса, иккинчи томондан, мавжуд коммуникациялар ва ижтимоий объектлар юкини сезиларли даражада оширади. 

“Бундай ёндашув ён-атрофдаги уйларда яшовчи аҳолининг норозилигига ҳам сабаб бўлади, чунки кўп ҳолларда мавзелар ичида янги бино қурилиши бошланиши билан атрофи тўсилади, болалар ва спорт майдончалари, сайр қилиш йўлаклари ва бошқа яшил ҳудудлар қисқаради ёки йўқ бўлиб кетади. Ўтган йиллар давомида тошкентликлар бир неча марта ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, инфратузилмани сақлаб қолиш, дарахтлар кесилмаслиги учун курашишга мажбур бўлди”, дейилади таҳлилий материалда.

Ҳаракатга кўра, жорий йилнинг январь ойида юзага келган энергетика инқирози билан боғлиқ вазият пойтахтнинг ярим асрдан ошган коммунал инфратузилмасини модернизация қилиш зарурлигини кўрсатди. Жумладан, коммунал ускуналар ва сув муҳандислик коммуникацияси сезиларли даражада эскирган. Сув қувурлари, канализация тармоқлари ва коллекторларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи таъмирга муҳтож, 760 га яқин қозонхона ва 5 минг километр иссиқлик тармоқларининг ҳолати иссиқлик энергиясининг ортиқча йўқотилишига олиб келмоқда.

“Бундай шароитда Тошкентни ихчамлаштириш сиёсатини қайта кўриб чиқиш, ҳудудда комплекс қурилиш ишларини Бош режа асосида қилиш муҳим аҳамият касб этади”, дейилади хабарда.

Келтирилишича, Тошкентнинг 3 млн аҳолисига 1000 та автобус ва метро тўғри келади. Жамоат транспортларида ҳаракат жадвалига риоя қилинмаслик, тирбандликлар, транспорти воситаларининг сифати ва ҳолати фуқароларнинг шахсий автомобиль ёки таксида ҳаракатланишни афзал кўришларига олиб келмоқда. 

Ўтказилган сўровномада экспертлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоат транспорти сиёсатини қайта кўриб чиқиши кераклигини билдирган.

Сўровнома иштирокчилари (63 киши), шунингдек, шаҳар экологиясини яхшилаш бўйича тезкор чораларни кўриш зарур, деб ҳисоблайди. Респондентлар (62 нафар) хавфсиз йўлларни лойиҳалаштириш заруратини ҳам қайд этган.

Респондентларнинг (56 нафар) деярли учдан бир қисми яшил ҳудудлар ва жамоат жойларни кенгайтиришни, бошқа қисми (50 нафар) ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳит яратишни таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент сўровнома муаммолар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made