Тошкентнинг эскирган энергетика тармоғи ортиб бораётган юкламага дош берадими?
Жамият
−
23 Ноябрь 2023
4387Кеча, 22 ноябрь куни Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг “Ҳукумат соати”да куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисобот берди. Мажлисда қатнашган депутат Бобур Бекмуродов Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлар қурилишининг ошиши энергетика тармоғига қандай таъсир қилаётганига қизиқди.
“Тошкент шаҳрида буни биз кўпроқ кузатяпмиз, яъни кўп қаватли уйлар, бинолар қуриляпти. Бу албатта, яхши. Ва иккинчи томондан биламизки, халқимиз орасида, экспертлар томонидан айтилишича, электр тармоқлари эскирган, газ етказиб берувчи ерости инфраструктуралари эскирган. Шунга қарамай, уй қурилиши ҳам давом этяпти. Ўзи бу қурилишлар бошланишидан олдин бу каби камчиликлар инобатга олиняптими ё йўқми? Кўп жойларда Тошкентда 10 йилда қурилмаган уйлар қурилгани ҳақида ўқияпмиз. Хўш, тармоқлар ортиб бораётган кучланишга жавоб бера оладими?” деган депутат.
Жўрабек Мирзамаҳмудов эса Энергетика вазирлиги янги техник шартларнинг бажарилиши юзасидан қатъий турганини айтган.
“Авваллари “ягона дарча” орқали автоматик равишда рухсатнома олинган бўлса, биз Президент ҳузурига таклиф билан кириб, бунинг тақиқланишига эришдик”, дейди вазир.
Мирзамаҳмудовга кўра, Тошкент шаҳридаги ҳар қандай йирик истеъмолчига Энергетика вазирлиги даражасида, энергия инспекциясини жалб қилган ҳолда ва мутахассислар томонидан ҳисоб-китоб қилингандан кейин техник шартлар бериляпти.
“Айрим ҳолатларда баъзи техник шартлар бекор қилиняпти ёки инвестор ё тадбиркор тарафидан янги қуриладиган объектга ўзи тармоқ тортиб келиш ёки ўзига алоҳида трансформатор қўйиш шартлари қўйиляпти”, дейди Энергетика вазири.
Вазирнинг қўшимча қилишича, олдинлари 5 MW'дан юқори электр энергияси истеъмолчилари йирик истеъмолчилар сифатида Энергетика вазирлиги даражасида кўриб чиқилган бўлса, ҳозирда ҳаттоки 0,5 MW ёки 200 kW уланиш масаласи ҳам вазирлик даражасига чиқяпти.
Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов агар бу йилги қишда аномал совуқ такрорланса, қандай чора кўрилиши аниқ белгилаб олинганини айтганди. Шунингдек, у Ўзбекистонда энергетика тармоғини янгилашга 14 трлн сўм сарфланганини маълум қилганди.