Тошкентнинг 2041 йилгача мўлжалланган бош режаси ишлаб чиқилмоқда
Жамият
−
15 Июнь 2022
6922Ўзбекистонда 2022 — 2024 йилларда шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун 200 млрд сўм маблағ ажратилди. Бу ҳақда бугун, 15 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган анжуманда Қурилиш вазири ўринбосари Жалол Арашов маълум қилди.
“Пойтахт қурилишида инфратузилма, транспорт логистика, яшил ҳудудлар, бино ва иншоотлар жойлашуви, шаҳарсозлик нормалари ривожланишининг давлат тажрибаси каби турли хил қарашлар илмий асосда амалий интеграция қилинмоқда. Биз яқин кунларда “Toshkentboshplan LITI”га ОАВни, журналист, блогерларни таклиф қиламиз. Реал ҳаётдаги бош режани кўрсатамиз. Одамлар кўрсин. Очиғини айтиш керак, ОАВда, ҳамманинг юрагида “Ўзи қачон Тошкент шаҳрининг бош режаси бўлади?” деган савол бор. Охирги 3-4 йилда бош режага давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилди. Олдин давлат дастурларида маблағ ажратиш бўлмаган”, дейди вазир ўринбосари.
Шунингдек, у сўзи давомида 20 йил ичида илк бор Қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун 200 млрд сўм маблағ ажратилганини маълум қилиб, ажратилган маблағ айнан қайси лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилишини очиқлади.
“Бу маблағлар 28 та шаҳарчалар, 108 та қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва жами 31 та бу йил жорий этилган “Янги Ўзбекистон” массивларининг қурилиш лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилади”, дейди Жалол Арашов.
Тошкент шаҳрининг истиқболли режаси 2041 йилга мўлжалланган бош режа асосида амалга оширилмоқда. Бу борада Голландия, асосан Туркиядан мутахассислар жалб қилинган. Асосий мақсад шаҳарнинг 2041 йилга мўлжалланган режасини амалга оширган ҳолда ҳудудда яшиллик, аҳолига қулайлик яратиш.
LiveБарчаси