Тошкентликлар узоқ вақт “свет”сиз қолганига изоҳ берилди
Жамият
−
17 Сентябрь 2020
5141Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Тошкент шаҳри ҳамда мамлакатнинг айрим ҳудудларида аҳоли хонадонлари оммавий равишда электр энергиясидан узилганлиги тўғрисидаги хабарлар тарқалди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ушбу ҳолатга муносабат билдириб, истеъмочиларнинг электр таъминотидан узилиши уларнинг қарздорлиги билан боғлиқ эканини маълум қилди.
15-16 сентябрь кунлари 58 мингдан ортиқ қарздор истеъмолчиларни электр тармоғидан автомат тарзда ўчириш амалга оширилган бўлса, биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 210 мингта қарздор истеъмолчи (умумий қарздорлик 57,3 млрд. сўм) аниқланиб, шуларнинг 40 мингдан ортиғи (умумий қарздорлик 3,4 млрд сўм) автоматик равишда тизим томонидан тармоқдан ажратилган.
“Таассуфланарлиси, тармоқдан ажратилганлар орасида узоқ муддат давомида электр энергиясидан фойдаланиб, шу кунгача ҳеч қандай тўловларни амалга оширмаган истеъмолчилар ҳам бор”, дейилади компания хабарида.
“Ҳудудий электр тармоқлари” ижтимоий тармоқларда кўтарилган яна бир масала, яъни истеъмолчилар томонидан қарздорлик бартараф этилса-да, қайта тармоққа уланиш кечикаётганлиги, баъзи ҳолларда бир неча кун “свет”сиз қолишга тўғри келгани ҳақидаги хабарларга ҳам ойдинлик киритган.
“Бунинг асосий сабаби бир вақтнинг ўзида 110 мингдан ортиқ ўчириб-ёқиш бўйича сўровлар амалга оширилганлиги, бу эса, ўз навбатида, “Электронҳисоблагич” ҚК МЧЖга тегишли сервердаги “ESEP” дастурий таъминотнинг катта юклама билан ишлашига олиб келгани юқоридаги ҳолатларни келтириб чиқарди.
Халқаро тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, электр энергияси ҳисоб-китобини назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилаётган бошланғич паллада бу каби ҳолатлар кузатилиши табиий. Мамлакатимизда татбиқ этилаётган мазкур тизим ҳам бундан мустасно эмас”, дейилган АЖ хабарида.
Таъкидланишича, электр энергияси истеъмолчиларига айни пайтда “Электронҳисоблагич” ҚК МЧЖга тегишли серверидаги “ESEP” дастуридаги камчиликлар қўшма корхона мутахассислари томонидан бартараф этилган.