Тошкентга трамвай қайтади (видео)
Жамият
−
13 Март
7266Тошкент шаҳрида 2016 йилда тўхтаб қолган трамвай тизими қайта жорий этилади. Бу ҳақда Франция Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган вазирлик-идоралараро ҳужжатларни имзолаш маросимида қатнашган журналист Азиза Қурбонова ўз Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов ва Франция Ташқи савдо ва хориждаги фуқаролар бўйича вазир-делегат Лоран Сен-Мартен трамвай тизимини амалга ошириш бўйича йўл харитасини имзолаган.
Мазкур ҳужжат Франция Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган расмий маросим доирасида эълон қилинган.
Маълумот учун, 2016 йил 2 май куни Марказий Осиёдаги энг қадимги ва энг йирик енгил рельсли транспорт тизими – Тошкент трамвайлари тарихга айланган эди. Расмийлар буни транспорт воситаларининг доимий кўпайиб бориши ва трамвай йўналишларининг самарасиз ишлаши билан изоҳлашган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 10 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи чоғида Тошкентга трамвай қайтарилиши ҳақида маълум қилганди. Шундан сўнг, 22 ноябрь куни Франция пойтахти Париж шаҳрида Ўзбекистон ва Франция Тошкентнинг трамвай тизими лойиҳасини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни имзолаганди. Ҳужжатни Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ҳамда унинг франциялик ҳамкасби Оливье Бешт имзолаганди.