Тошкентга метеорит тушдими? (видео)

Жамият

image

Тошкент шаҳрининг “Космонавтлар” метро бекати яқинида олинган видео тарқалди. Унда осмонда номаълум ёрқин жисм учгани акс этган. Фанлар академияси бу ҳақда маълумот берди.

Академияга кўра, мутахассислар томонидан мазкур ҳолат юзасидан дастлабки ўрганишлар олиб борилган. Ҳозирги вақтда видеода қайд этилган ҳодисанинг метеорит тушиши ёки бошқа табиий ёки техноген манба билан боғлиқ экани расман тасдиқлангани йўқ. Ер юзасига етиб келган қолдиқлар мавжуд бўлмаса, ҳодисанинг табиати ҳақида аниқ хулоса бериш имконсиз.

“Илмий ҳисоб-китобларга кўра, Ер атмосферасига сутка давомида миллионлаб майда космик зарралар киради, бироқ уларнинг мутлақ кўпчилиги атмосферада ёниб кетади. Ер юзасига етиб келадиган метеоритларнинг умумий массаси эса ўртача кунига бир неча ўн тоннани ташкил этади. Шу билан бирга, аҳоли яшаш ҳудудларига йирик метеоритларнинг тушиши ниҳоятда кам учрайдиган ҳодиса ҳисобланади”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Фанлар академияси қўшимча маълумотлар аниқланиши билан жамоатчиликка расман хабар берилишини айтган.

Маълумот учун, метеороитлар – Қуёш тизимида ҳаракатланувчи кичик қаттиқ жисмлар бўлиб, улар Ер атмосферасига кирганда кучли қизиш натижасида ёрқин из қолдиради ва бу ҳодиса метеор деб аталади. Агар бундай жисм атмосферада тўлиқ ёниб кетмай, Ер юзасига етиб келса, у метеорит деб юритилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм вилоятидаги уйлардан бирига астероид тушгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳодиса содир бўлган манзилда Ички ишлар бошқармаси ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг махсус лаборатория хизматлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганишлар давомида ҳодиса жойида ҳеч қандай фазо жисмлари ёки портлаш хусусиятига эга мосламаларнинг қолдиқлари аниқланмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент метеорит номаълум жисм

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг