Тошкентга келган Италия ТИВ раҳбари Ўзбекистонга раҳмат айтди
Жамият
−
04 Сентябрь 2021
5118Бугун, 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Италия Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Луижи Ди Маё билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ТИВ Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, музокараларда сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, таълим, туризм ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон-Италия ҳамкорлигининг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинган.
Томонлар турли даражаларда бўлиб ўтажак тадбирлар жадвали, шу жумладан, Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари даражасида “Италия – Марказий Осиё” иккинчи вазирлар учрашуви юзасидан фикр алмашган.
Хабарга кўра, минтақавий хавфсизлик масалалари, хусусан, Афғонистондаги вазият кўриб чиқилган. Италия томони Европа мамлакатлари ва бошқа давлатлар фуқароларини эвакуация қилиш жараёнини ташкил этишда кўрсатилган салмоқли ёрдам учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирган.
Томонлар Афғонистон йўналишидаги алоқаларни, шу жумладан, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек Афғонистонга инсонпарварлик юкларини етказиб беришда ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойи охирида Германия Ташқи ишлар вазири Хайко Маас ҳам Тошкентга ташриф буюрган ҳамда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов билан музокара олиб борганди.
Қайд этиш керакки, Хайко Маас айнан Тошкентга келиб кетгач, Германия Афғонистондаги дипломатик ваколатхонасини тиклаши мумкинлигини маълум қилганди.
LiveБарчаси