Тошкентдан Нью-Йоркка учаётган самолётда чақалоқ туғилди
Жамият
−
28 Январь
8383Uzbekistan Airwaysʼнинг Тошкент – Нью-Йорк рейси бортида чақалоқ дунёга келди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, чақириққа йўловчилар орасидаги шифокор-акушер ва жарроҳ йўналтирилган. Бир оз вақт ўтиб, йўловчи ўғил фарзандини дунёга келтирган.
Самолёт ушбу ҳодисадан сўнг, Исландияга мажбурий қўнган.
“Шу муносабат билан экипаж Исландиянинг Кефлавик шаҳридаги захира аэродромига мажбурий қўниш қарорини қабул қилди”, дейилади хабарда.
Самолёт муваффақиятли қўнганидан сўнг, тиббиёт ходимлари бортга кўтарилиб, йўловчига зарур ёрдам кўрсатган. Она ва чақалоқ маҳаллий клиникага етказилган.
Авиакомпания ушбу воқеа билан йўловчи оиласини табриклаган.
“Uzbekistan Airways ушбу ажойиб воқеа билан бахтиёр оилани табриклайди! Шунингдек, экипаж ва тиббий ходимларга ўзларининг профессионаллиги ва ҳамжиҳатликда кўрсатган ёрдамлари учун чуқур миннатдорлик билдиради”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил апрелда “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг Тошкент-Истанбул рейси бўйича учган самолётда қирғизистонлик аёлнинг кўзи ёриганди. Самолёт Туркия ҳаво ҳудудига киргач, Қирғизистон фуқароси Ситора Абдуманнопованинг туғруқ оғриқлари кучайган. 27 ёшли ҳомиладор аёл самолётда мос жойга ўтказилиб, туғруққа тайёргарлик бошланган. Самолёт капитани йўловчилар орасида шифокор бор-йўқлигини билиш мақсадида эълон қилган. Туғилиш жараёнида кабина экипажи ёрдам берган. 28 ҳафтада туғилган чақалоқ ўғил бола экани маълум қилинган.