Тошкентдан Андижонгача машинада 3 соатда етиб олиш мумкин бўлади

Жамият

image

Янги магистраль йўллар қурилиши билан Тошкент билан Андижон орасидаги қатнов вақти 5 соатдан 3 соатгача, Тошкент-Самарқанд орасидаги қатнов вақти эса 4,5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради. Бу ҳақда бугун, 26 март куни Президент Шавкат Мирзиёевга берилган автомобиль йўллари қуриш лойиҳаларининг бориши тўғрисидаги ахборотда сўз боради. 

Маълум қилинишича, мамлакатда жами 184 минг километрдан зиёд автомобиль йўли бор. Таҳлилларга кўра, халқаро аҳамиятга эга йўлларнинг 25 фоизи катта юкламада ишлаяпти. Масалан, кунига 32 минг автомобилга мўлжалланган “Тошкент – Самарқанд” йўлида 45 мингта транспорт қатнаяпти. Тирбандлик сабабли баъзан бунга 6 соатгача вақт кетяпти. 2030 йилга бориб ҳаракат жадаллиги 80 мингдан ошиши мумкин.

Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги қарорида замонавий автомобиль йўлларини ташкил этиш истиқболлари белгиланган эди. Бундан кўзланган асосий мақсад, биринчи навбатда, аҳолига қулайликлар яратиш, миллий иқтисодиётда логистика занжирларини мустаҳкамлашдир.

Мазкур қарорга мувофиқ, Тошкентдан Самарқандга ва Андижонга элтувчи муқобил йўллар қуриш устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки иштирокида “Тошкент – Андижон” йўли лойиҳалаштирилди. Январда уни қуриш бўйича халқаро тендер эълон қилинди. Қисқа вақтда унга 30 дан ортиқ нуфузли хорижий компаниялар қизиқиш билдирди.

Қайд этилишича, умумий узунлиги 314 километр бўлган бу тезюрар магистраль фойдаланишга топширилиши натижасида Тошкент билан Андижон орасидаги қатнов вақти 5 соатдан 3 соатгача қисқаради. Шунингдек, бу ялпи ички маҳсулотни 2,6 фоизга ошириб, автоҳалокатларни 40 фоизга камайтириш имконини беради.

Яна бир лойиҳа Тошкент билан Самарқандни боғловчи қўшимча йўл қуришга қаратилган. Хорижий мутахассислар иштирокида унинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилган. Бу янги йўлнинг узунлиги 300 километр атрофида бўлади. Унинг натижасида Тошкент билан Самарқанд ўртасида қатнов вақти 4,5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради. Ҳозирги мавжуд йўлда тирбандлик анча камаяди.

Бу янги йўллар барча замонавий талабларга жавоб беради, уларда ҳайдовчи ва йўловчилар учун турли пуллик хизматлар йўлга қўйилади. Бунёдкорлик жараёнида маҳаллий қурилиш корхоналари ҳам қатнашиши мумкин бўлади.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов мазкур лойиҳалар ҳолати бўйича тақдимот қилди. Геодезия ишларини жадаллаштириб, йўллар ҳудудини тайёрлаш, қурилишга маблағ ва пудратчиларни жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Шавкат Мирзиёев Андижон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг