Тошкентдаги йўлларда навбатдаги ётиқ чизиқлар пайдо бўлди
Жамият
−
15 Ноябрь 2019
6698Аввалроқ, пойтахт Тошкентдаги чорраҳаларда Сингапурдагидек вафель чизиқлар пайдо бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Жорий ҳафтада Тошкентдаги автомобиль йўлларида навбатдаги янги йўл чизиғи пайдо бўлди. Мазкур чизиқ ҳам автомобиллар тирбандлигини камайтиришни назарда тутади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ хабар бермоқда.
“Халқаро тажрибага кўра ушбу чизманинг икки хил тури бор. Уларнинг бири билан ҳайдовчилар ўтган ҳафта танишиб, унга “вафель чизмаси” деган ном беришди (ташқи кўриниши сабабли). Энди иккинчи тури ҳам қўлланилмоқда. У Амир Темур ва Осиё кўчалари кесишмасида (“Қозоғистон” кинотеатри) ётқизилди. Чизма чорраҳа чегарасини белгилайдиган икки сариқ рангдаги чизиқларнинг кесишмаларидан иборат”, дейилади хабарда.
Бир нечта катта чорраҳаларда синов чизмаларидан ташқари ўнг томонга бурилувчилар учун “чўнтаклар” ташкил этилиб, чорраҳалардаги ҳолат янада енгиллашади. Ушбу имкониятларни ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, ҳозирнинг ўзида кўплаб чорраҳаларда чизмалар ўнг томонга бурилиш учун имкон қолдирилган ҳолда ётқизилмоқда.