Тошкентдаги университетнинг битирув оқшомида жанжал чиқди (видео)

3-саҳифа

image

Кеча, 31 июль куни соат 18:00 лар атрофида ижтимоий тармоқларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтказилган битирув тадбирига оид видео тарқалди. Унда талабалар ва ота-оналар битирув кечаси ўтаётган залга киритилмаганини кўриш мумкин. Ҳолат юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, тадбир билан боғлиқ ҳолат бўйича вазирлик томонидан дастлабки ўрганиш ишлари бошланган. Маълумотларга кўра, олийгоҳда катта концерт зали мавжуд эмаслиги ҳамда ёзги иссиқ об-ҳаво шароити сабаб битирув тадбирини ёпиқ бинода ўтказиш учун Касаба уюшмалари федерацияси саройи танланган.

Тадбирни ташкил этиш ташаббуси талабалар томонидан билдирилган ва тайёргарлик жараёнларида битирувчилар ҳам иштирок этган. Тадбир учун аввалдан қатнашчилар рўйхати шакллантирилган. Бироқ тадбир куни рўйхатда бўлмаган қўшимча фуқаролар ҳам келгани сабаб зал сиғими белгиланган меъёрдан ошиб кетган. Шундан сўнг, зал маъмурияти хавфсизлик талаблари асосида иштирокчилар сонини чеклаш чораларини кўрган.

Кейинчалик, университет раҳбарияти битирувчилар учун олийгоҳ ҳудудида алоҳида тадбир ташкил этишга қарор қилган. Шунингдек, вилоятлардан келган ота-оналарнинг жойлашуви таъминланган.

“Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги олий таълим муассасаларида талабалардан ҳар қандай кўринишда мажбурий маблағ йиғишга йўл қўйилмаслигини қатъий маълум қилади. Бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда, масъулларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади”, дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, тадбирни ташкил этиш жараёни, жумладан, билдирилган эътирозлар ҳамда молиявий ва ташкилий жиҳатлар хизмат текшируви доирасида ўрганилмоқда.

Вазирлик барча олий таълим муассасалари раҳбарларига талабалар иштирокидаги тадбирларни ўтказишда хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш, жараёнларни пухта режалаштириш ва талабалар ҳамда ота-оналар учун ноқулайликларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берган.

Мазкур ҳолат вазирлик назоратига олинган. Хизмат текшируви якунлари бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг