Тошкентдаги “самосуд” бўйича 5 кишига нисбатан жиноят иши очилди

Жамият

image

Аввалроқ, Тошкентдаги Қўйлиқ бозорида ўғрилик устида қўлга тушгани айтилган икки киши одамлар томонидан “самосуд” қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизматининг маълум қилишича, Бектемир тумани ИИО ФМБ томонидан мазкур видеодаги ҳолат ўрганиб чиқилган ва қуйидагилар аниқланган.

Воқеа кеча, 2 июль куни соат тахминан 16:30 да юз берган. Қўйлиқ бозорида сотувчи бўлиб ишловчи қашқадарёлик 30 ёшли Суннатилло Ш. ва сурхондарёлик 31 ёшли Алишер Т. икки номаълум шахс Cobalt русумли автомобилни очишга уринаётганини кўриб қолган. Машина қашқадарёлик 35 ёшли Жаҳонгир Э.га тегишли бўлган.

Шундан сўнг, Суннатилло Ш., Алишер Т. ва яна бир Шуҳрат Ш. исмли сотувчи ички ишлар органларига хабар бермай, воқеа жойида қўлга олинган, муқаддам судланган Фарғона вилоятилик 40 ёшли Сайиджон Т. ва 39 ёшли Аҳад К.ни калтаклаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Суннатилло, Алишер ва Шуҳратга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 2-қисми билан жиноят иши очилган. Сайиджон Т. ва Аҳад К.га нисбатан автомобилдан пул ўғирлаш айблови билан ЖКнинг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ва 169-моддасининг 2-қисми билан жиноят иши очилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бектемир тумани самосуд Қўйлиқ бозори

Баҳолаганлар

94

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг