Тошкентдаги мудҳиш ЙТҲда икки киши ҳалок бўлди
3-саҳифа
−
21 Январь 2021
6957Ижтимоий тармоқларда Мирзо Улуғбек туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ушбу хабарлар бўйича маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2021 йил 19 январь куни тахминан соат 21:30 да Юзрабод ва Козева кўчалари кесишмасида иккита транспорт воситаси – 23 ёшли Исломбек Д. бошқарувидаги Damas (давлат рақами 10 Y 702 CA) ҳамда ишончнома асосида 29 ёшли Бухоро вилоятида яшовчи Бекзод Р. бошқарувида бўлган ВАЗ-2115 (давлат рақами 10 E 017 NA) русумли автомобиллар тўқнашуви рўй берган.
ЙТҲ сабабли ВАЗ-2115 русумли автомобиль йўловчилари – 18 ёшли бухорлик Д.Б. ва 19 ёшли М.Ж. олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
Бундан ташқари, ВАЗ-2115 ҳайдовчиси ва йўловчи 27 ёшли Бухоро вилоятида яшовчи Шаҳризод Ш. бадан шикастлари билан шифохонага етказилган.
ЙТҲнинг тахминий сабаби сифатида Damas ҳайдовчиси бурилиш вақтида тўғри йўлдан ҳаракатланиб келаётган ВАЗ-2115 автомобилига йўл бермагани келтирилмоқда. Натижада ВАЗ-2115 бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги дарахтга урилган.
Мазкур факт асосида Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт бошқариш қоидаларини бузиш) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда.