Тошкентдаги “Гулшан” боғи ўрнида клиника қурилади
Жамият
−
16 Декабрь 2019
4298Ижтимоий тармоқларда “Гулшан” боғи бузилиб ўрнида клиника қурилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати мазкур хабарларга муносабат билдириб, қуйидагиларни маълум қилди.
Қайд этилишича, Мирзо Улуғбек туманидаги “Гулшан” боғида, шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси ва Боровсий номидаги тиббиёт коллежи каби ҳудудларда жами тўртта замонавий, кўп тармоқли клиникалар қурилишини ташкил этиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу янги ташкил этилаётган барча тиббиёт муассасалари замонавий архитектура ва қурилиш меъёрларига мувофиқ, энг аввало, экологик талаблар, санитария норма ва қоидаларига мувофиқ бунёд этилади.
“Чунончи, “Гулшан” боғидаги қурилиш жараёнида боғдаги дарахтлар ҳолати қатъий назоратга олинган. Яъни йирик дарахтларнинг жойида қолиши ва кесилмаслигини ҳисобга олган ҳолда қурилиш ишлари олиб борилади. Табиийки, кичик дарахтлар эса бошқа жойларга махсус техникалар ёрдами билан кўчириб ўтказилади. Умуман олганда, ҳозирги кунда қаровсиз аҳволга келган мазкур боғ ҳудудида кўп тармоқли тиббиёт клиникаси қурилиши баробарида, атрофи ҳам аҳолининг яйраб ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида кўркам қилиб, ободонлаштирилиши кўзда тутилган.
Шу ўринда қайд этиш керакки, 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш доирасида замонавий ва инновацион тиббиёт муассасаларини барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Сўнгги уч йил ичида мамлакатда 1300 дан ортиқ тиббиёт муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Хусусий тиббиёт сектори ҳам жадал ривожланмоқда. Сўнгги икки йил ичида нодавлат тиббиёт муассасалари сони 1500 тага кўпайиб, ҳозирда улар 5300 тадан ошди.
“Аҳолининг кўпайиши ва мамлакатимизга келаётган чет эллик сайёҳлар сонининг муттасил ўсиб бориши муносабати билан Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қарши ва бошқа йирик шаҳарларда юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эътиборли жиҳати, 2020 йилги инвестиция дастури доирасида биргина Тошкент шаҳридаги 34 та тиббиёт муассасасида умумий қиймати 180 миллиард сўмлик қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Шу ўринда келгуси йилнинг биринчи чорагида тўртинчи даражали Болалар миллий тиббиёт маркази фойдаланишга топширилишини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз”, деб изоҳ берган вазирлик.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, янги қуриладиган 4 та замонавий клиникалар 100 фоиз давлат тасарруфида бўлади.
LiveБарчаси