Тошкентдаги “Ғалаба боғи” тайёр. Президент 9 май куни боғни очиб бериши кутилмоқда (фоторепортаж)

Жамият

image

Пойтахт Тошкентнинг Олмазор туманида Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан барпо этилаётган “Ғалаба боғи” жорий йилнинг 9 май куни мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири хабар бермоқда. 

Бир неча кун аввал боғда сўнгги пардозлаш ишлари якунланган. Боғ қад ростлаган ушбу майдонда аввалроқ Олмазор тумани ҳокимлиги, генерал Собир Раҳимов ҳайкали, туман Ички ишлар бўлими, умумий овқатланиш шохобчаси ҳамда сайилгоҳ мавжуд эди. 

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 25 июнь куни мазкур ҳудудда бўлиб, “Ғалаба боғи” қурилиши бўйича топшириқлар берган эди. Ушбу топшириқ асосида боғ концепцияси ишлаб чиқилди.

“Бу боғ халқимизнинг Ғалабага қўшган ҳиссасини намоён этиши, ота-боболаримизнинг қаҳрамонлигини абадийлаштириши керак. Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши муҳити, ватандошларимиз қатнашган жанглар ҳақида маълумотлар акс этиши зарур”, деган эди Шавкат Мирзиёев.

Лойиҳага мувофиқ, боққа киришда рамзий дарвоза шаклида Ғалаба аркаси бунёд этилди. Боғда уруш даври манзаралари, жумладан, окоп ва блиндажлар, палаткалар, дала ошхоналари ва бошқа лавҳалар акс этган композицион мажмуалар қурилди. Ўша даврдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғлар кўргазмаси очиқ осмон остидаги музей вазифасини ўтамоқда. Шунингдек, музей, кутубхона, Wi-Fi зона, амфитеатр ва кинотеатр ташкил этилди. Боғда ўша вақтлардаги темир йўл вокзали ҳам бунёд этилиб, ўзбекистонлик жангчиларни урушга элтган поезд вогонлари ҳам олиб келиб, жойлаштирилган. 

Ўзбек аёлининг матонати тимсоли сифатида Зулфия ая Зокирова, унинг урушдан қайтмаган беш фарзанди ҳамда бева қолган тўрт келини хотирасига бағишланган “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси ўрнатилган. 

9 май куни ушбу боғда Давлат раҳбари иштирокида катта тантанали маросим бўлиб ўтиши кутилмоқда. 

Ўзбекистонда бугунгача 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида Тошкентнинг Мустақиллик майдони ёнгинасида барпо этилган Хотира ҳиёбонида ўтказилиб келинаётган эди. Давлат раҳбари ҳар йили 9 май тонгида ушбу майдонга ташриф буюриб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйиши ва уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари билан учрашиши анъанага айланганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ғалаба боғи

Баҳолаганлар

609

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг