Мирзиёев Ғалаба боғидаги ёдгорликларга гул қўйди
Жамият
−
08 Май 2141 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 май куни пойтахтдаги Ғалаба боғига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Ғалаба боғида ушбу сана муносабати билан ташкил этилган хотира маросимида иштирок этган.
Анъанага мувофиқ, Президент Шавкат Мирзиёев “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйган.
“Бугун орамизда соғ-саломат яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, барча нуронийларимизга алоҳида меҳримиз, эҳтиромимизни изҳор этамиз. Ушбу мажмуа буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшган кўп миллатли халқимизнинг жасорати ва қаҳрамонлигини тараннум этадиган табаррук маскан, десак, тўғри бўлади”, деган Президент.
Маълумотларга кўра, фашизмга қарши қонли жангларда ўша пайтда 6 миллион 800 минг нафарни ташкил этган аҳолининг қарийб 2 миллион нафари иштирок этган. Шундан 540 мингга яқини ҳалок бўлган, 158 минг нафари бедарак йўқолган, 50 мингдан ортиғи концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоблар туфайли ҳалок бўлган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган.
Тадбирда Ўзбекистон Қуролли Кучлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар ҳам иштирок этиб, мазкур ёдгорлик пойига гуллар қўйган.
Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғидаги “Миллат фидойилари” хиёбонида ҳам бўлиб, мустақиллик йилларида мамлакат ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига ҳурмат бажо келтирган.
“Бир йил олдин мана шу ҳудудда “Миллат фидойилари” мажмуасини барпо этганимиз, албатта, бежиз эмас. У Ватан ҳимояси ҳар бир авлоднинг муқаддас иши экани, ватанпарварлик анъаналари давомийлигини эслатиб туради”, деган Президент.
Давлат раҳбари ота-оналарга баҳодир, довюрак фарзандларни дунёга келтириб, ҳақиқий ватанпарвар этиб тарбиялагани учун чуқур миннатдорлик изҳор этган.
Live
Барчаси