Тошкентдаги чойхонадан гиёҳвандлик моддалари топилди (видео)
3-саҳифа
−
21 Октябрь
7123Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур ва Яшнобод туманларида чойхона ҳамда яшаш уйида гиёҳвандлик воситаларини сақлаб келаётган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Шайхонтоҳур туманида яшовчи, 1974 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс тумандаги чойхоналарнинг бирида гиёҳвандлик воситаларини сақлаб келаётгани аниқланган. Чойхонанинг турли хоналарига яширилган кўплаб гиёҳвандлик моддалари ва уни истеъмол қилишга мўлжалланган турли хил ашёвий далиллар холислар иштирокида тегишли тартибда расмийлаштириб олинган. Ушбу буюмлар тергов бўлимига топширилган. Гумонланувчига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
“Муаммо сабабли яна уларни истеъмол қиладиган бўлиб қолдим. Кечирим сўрайман, ишимдан афсусдаман”, деган гумонланувчи.
Яна бир ҳолат эса Яшнобод туманининг Уйсозлар маҳалласида кузатилган. Унда муқаддам судланган 58 ёшли шахснинг хонадони холислар иштирокида текширилганда фуқаро ўз уйида гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётгани маълум бўлган. Тадбир давомида унинг уйидан 15 гр гиёҳвандлик моддаси ҳамда уни истеъмол қилишга мўлжалланган воситалар топилган. Фуқаро ушбу моддаларни кўчадаги дарахт остидан топиб олганини маълум қилган.
“Ишхонамни олдидаги машиналар тўхташ жойи ёнидаги дарахт тагида қора целлофанга ўралган шу моддани топиб олдим ва уйга олиб келдим”, деган у.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси ( Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Миробод туманида синтетик гиёҳвандлик моддаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган шахс қўлга олинганди. Шунингдек, фуқаронинг Тошкент вилоятида жойлашган хонадони кўздан кечирилганида синтетик гиёҳвандлик воситалари, турли хил контейнерлар, қўлқоплар, тарози, газга қарши ниқоблар борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган. Шу куни биринчи лабораториядан 4,8 килограмм, иккинчи хонадондан қарийб 10 килограмм, жами 14 килограмм 795 грамм умумий нархи тахминан 1 миллион долларга тенг синтетик гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь