Тошкентда жиҳодчилар қўлга олинди – ИИВ

Жамият

image

Кеча, 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти таъқиқланган “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқимининг (ДЭО) бир гуруҳ аъзолари жиноий фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Мавжуд маълумотларга кўра, ушбу шахсларнинг бир неча нафари муқаддам тақиқланган оқимларда ноқонуний фаолият билан шуғулланганлиги боис жазо муддатини ўтаб чиққан. Улар жиноий тил бириктириб, аҳоли орасида ноқонуний тарғибот олиб бориб, “Жиҳодчилар” ДЭО ғояларини тарқатганлар ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганлар. Шунингдек, улар Ўзбекистондаги ёшлар онгини заҳарлаб, ўзларининг ақидапарастлик ғояларини сингдириб, жиноят содир этишга чорлаган.

Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

Маълумот учун, “Жиҳодчилар” ДЭО ғояларида кишилар онгидан миллий урф-одатларни йўқ қилиш, қабристон ва зиёратгоҳларга боришни ман этиш, барча қонун-қоидаларни фақат Қуръон ва шариат асосида ўз талқинларида бўлишини таъминлаш ҳамда мавжуд сиёсий тузумни ағдариб ташлаш ва шариатга асосланган давлатни қуриш акс этган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги  қарори билан “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқими ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент жиҳодчилар

Баҳолаганлар

614

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг