Тошкентда “ЖАРА” фестивали қолдирилди
Жамият
−
31 Март 2023
10624Жорий йилнинг 20-21 май кунлари Тошкентдаги “Янги Ўзбекистон” истироҳат боғида ўтказилиши режалаштирилган “ЖАРА” рус мусиқа фестивали номаълум муддатга қолдирилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ'га ўз манбаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, бундай қарор ташкилотчиларнинг ўзи томонидан қабул қилинган. Мазкур фестивалда HammAli & Navai, Ани Лорак, Егор Крид, Emin, Мари Краймбрери, Jony, Ольга Бузова каби ўттизга яқин россиялик санъаткорлар иштирок этиши кутилётган эди.
Кўринишидан, фестивалнинг бекор қилиниши айрим маҳаллий блогерлар томонидан ижтимоий тармоқларда Владимир Путин сиёсатини қўллаб-қувватловчи россиялик санъаткорларнинг чиқишига қарши бошланган норозилик акцияси билан боғлиқ. Айрим фойдаланувчиларнинг фикрича, юлдузларнинг Ўзбекистондаги чиқиши республика Украинадаги можарода Россия томонини қўллаб-қувватлашини билдиради.
Аллақачон сотиб олинган чипталар учун пулни қайтариш жараёни қандай ташкил этилиши ҳозирча ноаниқ.
Маълумот учун, “ЖАРА” ҳар йили ўтказиладиган халқаро мусиқий фестивалдир. Унга 2016 йилда россиялик ва озарбайжонлик қўшиқчи, мусиқачи ва тадбиркор Эмин Агаларов томонидан асос солинган.
LiveБарчаси