Тошкентда Жаҳон кубоги старт олди
Спорт
−
20 Апрель 2019
3650Жорий йилнинг 19-21 апрель кунлари Тошкент шаҳри бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичига мезбонлик қилади.
Кеча Гимнастика бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабида ушбу нуфузли турнирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали очилиш маросимида ўзбекистонлик бадиий гимнастикачилар томонидан тайёрланган турли кўргазмали чиқишлардан иборат дастур намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакат гимнастика федерацияси мутасадди раҳбарлари, хорижлик меҳмонлар, спорт жамоатчилиги ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
“Юртимиз яна бир марта дунёнинг энг кучли спортчилари йиғиладиган ушбу турнирга мезбонлик қилиб турганидан мамнунмиз. Ишончим комил, Тошкентда ўтказилаётган бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги юқори савияда ўтади ва унда иштирокчилар ўзларининг юксак маҳоратларини намойиш этади”, дейди очилиш маросимида сўзга чиққан жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов.
Эслатиб ўтамиз, дунёнинг 23 давлатидан 80 нафарга яқин кучли гимнастикачи қизлар қатнашадиган Жаҳон кубоги босқичида иштирокчиларнинг 39 нафари яккалик баҳсларида ўз омадини синаб кўради. Яна 6та жамоа гуруҳ баҳсларида иштирок этади.
LiveБарчаси