Тошкентда йўл ҳақини тўламаганларни жаримага тортиш бошланди
Жамият
−
02 Апрель
6585Жорий йилнинг 14 март кунидан бошлаб Тошкент шаҳрида йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланганлар 37 500 сўм миқдоридаги жаримага тортилади. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти хабар берди.
Маълум қилинишича, бунга қадар тўлов амалга оширмаган йўловчиларга тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилган.
“Бугунги кунга қадар, автобус йўналишларида йўл ҳақи тўловини амалга оширмаган ёки чиптасиз ҳаракатланган йўловчиларга тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Шунга қарамай йўловчилар орасида йўл ҳақини қасддан тўламаслик ҳолатлари кўпаймоқда”, дейилади хабарда.
Унда қўшимча қилинишича, жорий йилнинг 14 март кунидан бошлаб автобус йўналишларида йўл ҳақи тўловини амалга оширмаган ёки чиптасиз ҳаракатланган йўловчиларга Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 144-моддасига (транспортда чиптасиз юриш) асосан, 37 500 сўм миқдорида жарима қўлланила бошланади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 144-моддасига кўра, троллейбусда, трамвайда, шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобусда, маршрут таксисида кира ҳақи тўламасдан юк олиб юриш, ҳар бир юк жойи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисми (37 500 сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 январь кунидан бошлаб автобусларда нақд пул қабул қилиш амалиёти тўхтатилган эди. Айни шу санадан бошлаб пойтахт жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф – 3 000 (уч минг) сўм этиб белгиланди. Бунда тўлов электрон тўлов тизими (транспорт ёки банк картаси) орқали амалга оширилганда ҳозиргидек ўзгаришсиз қолади – 1 700 сўм. Барча автобуслар салонида йўлкира ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади. Кейинчалик, Транспорт назорати инспекцияси бошлиғи ўринбосари Санжар Турғунов Ўзбекистон ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида автобусларга ортиқча юк билан чиқилганда қўшимча тўлов тизими йўлга қўйилиши кутилаётгани ҳақида гапирганди.
LiveБарчаси