Тошкентда ЙПХ инспекторини машинасида судраган ҳайдовчи қамалди
3-саҳифа
−
01 Август
7069Тошкентда ЙПХ инспекторини автомашинаси капотида судраган ҳайдовчи 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 13 июль куни Яккасарой туманида инспектор давлат рақамисиз ҳаракатланиб келаётган транспорт воситасини тўхтатган. Бироқ ҳайдовчи тўхтамай, воқеа жойидан кетиб қолган, сўнгра инспектор унинг орқасидан кузатиб борган.
Жараёнда ҳайдовчи бир неча марта огоҳлантирилган, шунга қарамасдан, у светофорнинг тақиқловчи чироқларига амал қилмай, йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб, хавфли манёврлар қилган ҳолда йўлида давом этган.
“Янгиҳаёт туманига келиб, ҳайдовчи пиёдалар ўтиш жойида тўхтади. Ундан машинадан тушишини талаб қилдим, аммо ҳайдовчи бунга ҳам бўйсунмасдан машинасини менга қарата ҳаракатлантирди ва 400−500 метрча капот қисмида ҳаракатланиб бордим”, дейди ЙПХ ходими Шоҳрух Бобомуродов.
Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида ҳайдовчи тўхтатилиб, содир этган қоидабузарлиги учун ҳужжатлар қонуний тартибда расмийлаштирилган. Ҳодиса оқибатида ходим чап оёқ бўғимлари лат ейиши жароҳатини олган. Автомобиль жарима майдончасига жойлаштирилган.
“Машинада ҳужжатлар тўлиқ эмасди. Автомобилни ходимга топширмасдан, ўзим ҳаракатланиб қочиб кетдим. Ўзбекистон қонунларини ҳурмат қилиб, ходимларга бўйсуниб, ҳар доим талаб қилган вазифаларини бажариш керак экан. Шуни хулоса қилдим, қилган ишимдан афсусдаман”, деди ҳайдовчи.
Ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди томонидан қоидабузар ҳайдовчига нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида профилактика инспекторини урган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь