Тошкентда яширин нарколаборатория аниқланди (видео)
3-саҳифа
−
12 Январь
7604Тошкент шаҳрида махфий нарколаборатория фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Божхона қўмитаси ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган махсус тадбир давомида Тошкент шаҳрида яширин фаолият олиб борган нарколаборатория фош этилган.
Жумладан, 1986 ва 1988 йилларда туғилган, олий маълумотли бўлган 2 нафар шахс логистика фаолияти билан шуғулланиш ниқоби остида Шайхонтоҳур туманидаги хонадонлардан бирида синтетик гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланган.
Кўздан кечириш жараёнида хонадонда жами 56 та ўрамда 26 кг га яқин “Мефедрон” гиёҳвандлик воситаси, синтетик наркотик тайёрлашда фойдаланиладиган 400 кг дан ортиқ суюқлик ва кукун кўринишидаги кимёвий моддалар ҳамда хомашёлар, зарур асбоб-ускуналар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Терговга қадар текширув давомида, гиёҳвандлик воситалари тайёрлашда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, хомашё ва прекурсорлар хориждан келтирилгани ва тайёрланган наркотик моддаларнинг савдоси интернет орқали амалга оширилгани маълум бўлган.
Тадбир давомида олинган наркотик моддалар тахминан 80 минг “доза”ни ташкил қилиши ва қора бозордаги қиймати 900 минг АҚШ долларига тенглиги, шунингдек, нарколабораторияда сақланаётган 400 кг дан ортиқ кимёвий моддалар ва хомашёлар ёрдамида 50 кг га яқин “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси ишлаб чиқариш мумкинлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ДХХ Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.