Тошкентда янги масжид қурилиши бошланди

Жамият 6195
image

Айни дамда Тошкент шаҳридаги “Оқ уй”, Тошкент вилоятидаги “Хўжа”, “Нодирхон қори” ва “Эрбўта қози” жоме масжидлари қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Кеча, 11 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси – муфтий Усмонхон Алимов ушбу масжидларда бўлди. 

Усмонхон Алимов Тошкент шаҳри Миробод туманидаги “Оқ уй” жоме масжиди пойдеворига биринчи тамал тошини қўйиб берган.

Муфтий масжид кўркам, барча талаб ва эҳтиёжларга мос бўлишига доир фикр-мулоҳазаларини билдириб, айниқса, намозхонлар учун масжид кутубхонасини ташкил этиш ва ташриф буюрадиган нуфузли дунё уламолари, мартабали меҳмонлар билан ўзаро мулоқот ўтказиш учун муносиб шарт-шароитлар ҳозирлашни таъкидлаган. 

Масжид бир вақтда икки мингдан ортиқ киши намоз ўқишига мўлжалланган. Масжид пойтахт Тошкентга водий томондан кириб келиш манзили – Фарғона йўли кўчасида жойлашганини эътиборга олиб, йўловчилар учун алоҳида шарт-шароитлар ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, масжид ёнида лойиҳада назарда тутилганидек, мўъжаз меҳмонхона ва мажлислар зали ҳам қад кўтаради.

Усмонхон Алимов Тошкент вилоятида барпо этилаётган янги масжидларда бораётган қурилиш жараёнлари билан танишган. Улардан бири Қуйи Чирчиқ туманидаги “Хўжа” жоме масжиди. Ўтган йили ушбу жомени қайта қуриш ишлари бошланган эди. Маҳалла аҳлининг саъй-ҳаракати ила масжид пойдевори янгидан тикланиб, Усмонхон Алимов 11 февраль куни масжид биносининг биринчи ғиштини қўйиб берди. Янги масжид 500 кишини ўз бағрига сиғдирадиган хонақоҳ, таҳоратхона, хизмат хоналаридан иборат бўлади.

Навбатдаги ташриф Оққўрғон туманидаги “Нодирхон қори” жоме масжидига бўлди. Сиғими мингдан ортиқ кишига мўлжалланаётган мазкур жомега 2017 йил 9 ноябрь куни биринчи ғишт қўйилган эди. Ҳозирга келиб масжид биноси қад кўтариб, том қисми ёпилди.

Усмонхон Алимов Оққўрғон туманидаги яна бир қурилиши давом этаётган “Эрбўта қози” жоме масжидида ҳам бўлди. Масжид намозхонасининг сиғими 500 кишилик бўлиб, шу йилнинг охирига тугаши кўзда тутилган.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 54
Рейтинг: 2.9
t
×
×