Тошкентда яна бир халқаро университет ташкил этилди

Жамият 5719
image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Tashkent International University of Education” халқаро университети ташкил этилди.

Қарорга мувофиқ, етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини жорий этиш орқали республика иқтисодиёти реал секторининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш университетнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади.

Университетга ўқишга қабул қилиш учун кириш имтиҳонларини ўтказиш ва чет эллик юқори малакали мутахассисларни жалб этиш учун хорижий ҳамкор сифатида “The Times Higher Education World University Rankings” рейтингидаги дунёнинг 1000 таликка кирувчи хорижий олий таълим муассасаларини белгилаш ва Университет базасида уларнинг филиалларини очиш ҳуқуқи берилди.

Университетда ўқиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Кадрлар тайёрлаш кундузги, сиртқи, кечки, махсус сиртқи ва масофавий таълим шакллари бўйича ўзбек, инглиз ҳамда бошқа тилларда амалга оширилади.

Университет битирувчиларига унинг хорижий ҳамкор университетларининг Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжати сифатида тан олинадиган халқаро даражадаги ёки белгиланган намунадаги дипломи берилади.

Университетнинг магистратура таълим босқичи битирувчилари Халқ таълим вазирлиги ҳамда Вазирлари Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг раҳбар кадрлари захирасига киритилади.

Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлигига истисно тариқасида университет фаолиятини йўлга қўйиш учун энг яхши шартларни таклиф этган потенциал инвесторни танлаш ҳамда инвестициявий ва ижтимоий мажбурият шартларини белгилаш ҳуқуқи берилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 124
Рейтинг: 3
t
×