Тошкентда яна 12 туп дарахтга шикаст етказилгани аниқлади

Жамият

image

Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги 12 туп дарахтнинг илдиз қисмига қурилиш компанияси томонидан шикаст етказилган. Бу ҳақда шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Шота Руставели кўчасидаги 28-уй ёнида қурилиш компанияси томонидан олиб борилаётган қурилиш ишлари жараёнида 5 туп чинор ва 7 туп каштан дарахтларининг илдиз қисмларига ўсишдан тўхтамайдиган даражада шикаст етказилган.

“Дарахтларнинг суғориш тизими олиб ташлангани ва бунинг натижасида “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 26 ва 32-моддалари талаблари бузилгани аниқланди”, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, дарахтларни муҳофаза қилиш ва сақлашга доир қонунчиликда белгиланган чораларни кўрмаганлиги учун “Millimetre construction company” МЧЖ раҳбари У.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 3-қисми билан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонуний чора кўриш учун тақдим этилган.

“Шу билан бирга, қурилиш компанияси масъулларига ҳудуддаги мавжуд дарахтларни муҳофаза қилиш, уларга биотехник тадбирларни амалга ошириш ва экологик талаблар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилиб, кафолат хати олинди”, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Тошкентнинг Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида  101 туп дарахт, шу жумладан, 92 туп эман, 1 туп чинор, 5 туп тут, 2 туп арча ва 1 туп мевали беҳи дарахтининг илдиз қисми шикастлангани ҳақида хабар берган эдик. 

Ҳолат сабаб Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва прокурори Иззат Бозоров лавозимидан озод этилган эди. Масъулиятсизликка йўл қўйгани учун пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ва прокурори Улуғбек Қосимовга ҳайфсан берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент дарахткушлик

Баҳолаганлар

67

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг