Тошкентда вояга етмаган болани калтаклаган эркак 15 суткага қамалди
3-саҳифа
−
19 Сентябрь
3243Тошкент шаҳри Сергели туманида вояга етмаган болани калтаклаган эркак 15 суткага қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжатлари билан танишди.
Маълум бўлишича, ҳолатга мактаб ўқувчилари орасида келиб чиққан келишмовчилик сабаб бўлган. Ўқувчи қиз ота-онасига синфдоши уни ҳақорат қилганини айтган. Эр-хотин биргаликда қизини ҳақорат қилган боланинг уйига борган.
Сергели тумани 5-мавзе ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйлар олдида бақир-чақир бўлаётганда боланинг 2008 йилда туғилган акаси воқеа жойига келиб қолган. У ҳам можарога аралашади ва 1992 йилда туғилган М.И. уни бир неча маротаба уради.
Билдирилишича, вояга етмаган Т.Т.га “Чап кўкрак қафаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши” ташхиси қўйилган.
Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судида кўриб чиқилди. Суд қарорига кўра, фуқаро М.И. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан ўн беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шунингдек, унинг аёлига нисбатан БҲМнинг бир баравари, яъни 340 000 сўм жарима жазоси белгиланган.
LiveБарчаси