Тошкентда уй сотиш баҳонасида фуқароларни чув туширган фирмалар аниқланди
3-саҳифа
−
21 Февраль
8791Тошкентда икки фирма уй-жойлар қуриб, сотиш билан фуқароларни алдаб, 27 млрд сўмни ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, 2024 йилнинг январь ойида Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Аркенстоне” ва "VescоCottage" номли МЧЖлар ташкил этган шахс қўлга олинган.
Мазкур МЧЖлар Тошкент шаҳрида коттеж турар жойларини қураётганини, бу ҳақда ижтимоий тармоқларда турли реклама эълонларини жойлаштириб, шу йўл билан янги уй олиш истагида бўлган фуқаролар ишончига кириб, гўёки кечиктириб тўлаш имконини бериш важи билан уларда қизиқиш уйғотиб, 2022-2023 йиллар давомида 125 миллион сўмдан бошланғич тўлов сифатида фуқароларнинг қарийб 27 миллиард сўмини "еб юборган".
Аслида эса ушбу МЖЧларга уй-жой қуриш учун ҳеч қандай ер ажратилмаган бўлган.
Шунингдек, МЧЖ таъсисчиси жиноят билан топган пулларини легаллаштириш мақсадида хорижий давлатда рўйхатдан ўтган валюта биржасида ўзи ва онасининг номига ҳисоб рақами очиб, унга 1 млн 400 минг АҚШ доллари ўтказиб олгани ҳамда биржа савдоларида иштирок этгани маълум бўлган.
Бундан ташқари, ушбу фуқарога тегишли бўлган халқаро серверларда жойлашган платформалардаги шахсий кабинетларида 222 минг АҚШ долларига яқин пули борлиги аниқланиб, музлатилган.
Ушбу ҳолатлар бўйича департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан Маҳаматов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан хорижий валюта биржасида Маҳаматовнинг онаси номига расмийлаштирилган электрон ҳамёнда мавжуд бўлган 403 минг АҚШ доллари тўлов банк виза картасига қайтарилган. Ушбу жиноят иши доирасида ҳозирги кунда 7,8 миллиард сўм маблағларнинг ҳаракати тўхтатиб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона ва Наманган вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланганди.
Улканбаева Райҳона