Тошкентда ўқувчилар дарс хонасида сигарета чекди. Ҳолат уюштирилгани айтилмоқда
3-саҳифа
−
29 Май
6584Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги 28-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг бир қисми дарс вақтида сигарета чекаётгани, қолгани эса телефон ўйнаб ўтиргани тасвирланган видеолар тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Унга кўра, тумандаги 28-умумий ўрта таълим мактабида 2024 йил 25 январга қадар фаолият юритган И.Қ исмли шахс бир неча ойдан буён мактаб директори фаолиятига ноқонуний аралашиб, уни обрўсизлантиришга уринган. Директорга туҳмат қилиб, асоссиз видеолар олиб, уларни ижтимоий тармоқларда тарқатган. Шунингдек, турли юқори ташкилотларга ёлғон маълумотлар билан мурожаат қилган.
Билдирилишича, тарқалган видеолавҳа ҳам айнан И.Қ томонидан уюштирилган.
Аниқланишича, 5 ой муқаддам фуқаро И.Қ 11-синф ўқувчиларининг ишончига кириб, улардан ғаразли мақсадларда фойдаланган. Хусусан, ўқувчиларнинг видеода тасвирланган ҳолатини унинг ўзи ташкиллаштирган. Бундан мақсад айни дамда муассасада фаолият юритаётган раҳбариятни обрўсизлантириш, ижтимоий тармоқларда сазойи қилиш бўлган.
“Мазкур ҳолатлар юзасидан мактаб директори Г.Ш ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фуқаро И.Қ устидан шикоят хати киритган. Айни дамда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Фарғона вилоятида мактаб директори унга гап қайтариб, рўмолини ечмаслигини билдирган ўқувчи қизни уриб, унга жароҳат етказганди.