Тошкентда турар жойга эҳтиёжманд қанча талаба борлиги айтилди
Жамият
−
16 Август 2023
4718Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида 48 минг 976 нафар талаба(30 фоиз)нинг турар жойга эҳтиёжи мавжуд. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Улар ижара шартлари асосида хусусий хонадонларда яшашига тўғри келади. Олий таълим муассасалари тюторлари орқали ушбу талабалар билан суҳбатлашилганда 23 минг 774 нафар талаба (2, 3, 4-курслар) Тошкент шаҳрида ижарада яшашини маълум қилган. Яъни уларнинг аксарияти аввалдан яшаб келаётган ижара уйларини сақлаб қолишган ёки олдиндан ижара уйларини банд қилиб қўйган.
Ушбу ҳолатда ижара хонадонларига жойлашишга эҳтиёжи бўлган (ётоқхонадан жой берилмаган, ўз уйи, яқин қариндоши мавжуд бўлмаган ва ижара хонадони ҳам аниқ бўлмаган) талабалар 25 минг 202 нафарни ташкил этмоқда.
Ана шу таҳлиллардан келиб чиқиб, олий таълим муассасаларида барча тюторларни тўлиқ жалб қилган ҳолда маҳалла раислари билан ҳамкорликда бўш турган ижара уйларини топиш ишлари амалга оширилган.
Уй эгалари билан бирма-бир суҳбатдан кейин жами 8 минг 438 та ижара хонадонларининг манзилли рўйхатлари шакллантирилган. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур хонадонларга 24 минг 254 нафар талабани жойлаштириш имкони мавжуд. Айни пайтда қолган 948 нафар талабага қўшимча ижара уйларини топиш чоралари кўрилмоқда.
Аввалроқ 2023/2024 ўқув йилида 1-курс талабалари, 2024/2025 ўқув йилидан эса барча курс талабалари учун давлат ОТМ ётоқхонасига жойлашиш онлайн амалга оширилиши ҳамда айрим тоифадаги талабалар устуворлик асосида ётоқхонага жойлашиши ҳақида хабар берган эдик.