Бизнес-омбудсманнинг ҳуқуқлари кенгайди

Жамият

image

Аввалроқ, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилингани ҳақида хабар берилганди.

Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти (бизнес-омбудсман) 2017 йил майда таъсис этилган. Унинг мақоми, ваколатлари ва уларни амалга ошириш механизми алоҳида қонун билан тартибга солинган.

Қабул қилинган тузатишлар вакилга фаолияти соҳасида қўшимча ҳуқуқий дастакларни тақдим этади ва унинг позициясини мустаҳкамлаши лозим.

Биринчидан, бизнес-омбудсман ҳамда унинг девони ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилган мансабдор шахслар учун алоҳида санкциялар қайд этилган. Уларнинг ишига тўсқинлик қилиш, уларга била туриб ёлғон ахборот бериш, мурожаатларни, хулосаларни, тақдимномаларни, илтимосномаларни кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб қасддан ишончсиз маълумотларни тақдим этиш 3 БҲМдан 7 БҲМгача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

241-1-241-11-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар (тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликлар) тўғрисидаги баённомалар бизнес-омбудсман ва унинг девони ходимлари томонидан тузилади ҳамда кўриб чиқиш учун судга юборилади.

Ушбу санкциялар Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси органлари ходимининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳамда унинг талабларини бажармаганлик учун (МЖТКнинг 1973-моддаси) белгиланган жарималар (2 БҲМдан 5 БҲМгача) ўрнига киритилди. Шу тариқа, сўнгги ҳолатда ҳокимият вакилининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун умумий модда камроқ миқдордаги жарималар билан қўлланилади (МЖТКнинг 198-моддасига қаранг).

Иккинчидан, бизнес-омбудсман фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларга тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаган ҳолда тақдим этилган даъволар, аризалар ва шикоятлар бўйича давлат божларидан озод этилди.

Бундан ташқари, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишлари доирасида бизнес-омбудсманнинг процессуал ҳуқуқлари кенгайтирилди. У кассация тартибида биринчи инстанция судининг қарори, шунингдек суд ҳужжатлари устидан – назорат тартибида шикоят қилишга ҳақлидир. Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар, шунингдек тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар бундан мустасно (яъни бизнес-омбудсман битта бизнес тузилмаси бошқаси билан низолашаётганда улардан бирининг тарафини олиши мумкин эмас, таҳр. изоҳи).

Учинчидан, бизнес-омбудсман ўринбосарлари сони иккитагача оширилди. Эслатиб ўтамиз, улар Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитлари бўйича Президент Администрациясининг шуъба мудирига тенглаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

бизнес-омбудсман

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг