Тошкентда “свет” ортидан нон танқислиги бошландими?
Жамият
−
25 Январь 2022
9955Ўзбекистонда 25 январь куни кузатилаётган электр энергияси узилишлари ортидан бир қатор муаммолар келиб чиқишни бошлади. Жумладан нон ишлаб чиқаришда ҳам узилишлар бўлаётгани ҳақида хабарлар олдик. QALAMPIR.UZ Тошкентнинг Олмазор туманида жойлашган нон дўконларда харидорлар турнақатор навбатда тургани, энг камида 4-5 тадан нон харид қилаётганига гувоҳ бўлдик.
Хўш, электр энергиясидаги узилишлар нон тақчиллигига ҳам олиб келадими? Нон ишлаб чиқарувчи корхоналар электрсиз яна қанча вақт нон чиқаришга бардош бера олади? Биз ушбу саволлар билан Тошкентдаги энг йирик нон ишлаб чиқарувчи корхоналардан бири “Очиқ дил” МЧЖ директори Искандар Қосимовга юзландик.
QALAMPIR.UZ: — Тошкент шаҳрида электр энергияси узилиши нон корхонасининг кунлик ҳажмига қанчалик таъсир қилди? Шаҳарда нон танқислиги кузатиляптими?
Искандар Қосимов, “Очиқ дил" МЧЖ (нон корхонаси) раҳбари: — Электр энергияси ўчиши ортидан нон ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг иши кўпайди. Озиқ-овқат дўконлари кунлик ҳажмидан сезиларли даражада кўпроқ нон олиш учун мурожаат қилишмоқда. Корхонамиз вақтида дизель генераторини ўрнатгани учун ишлаб чиқариш камайгани йўқ. Фавқулодда ҳолат вақтида вазиятдан чиқиш имкони бўляпти. Ҳозир сув ва нон захираси бор. Биз доимий ишимизда давом этяпмиз.
QALAMPIR.UZ: — Бугун нон ишлаб чиқаришнинг миқдори кўпайдими?
И.Қ.: — Одатда кунига 20 тонна нон ишлаб чиқарамиз ва бу сон бугун 15-20 фоизга кўпайди.
QALAMPIR.UZ: — Тошкентда нон танқислиги бўлиши мумкиними?
И.Қ.: — Шаҳар бўйича бошқа корхоналарда генераторлар бор-йўқлигини билмайман, мен билган 30-40 фоиз корхоналарда генераторлар мавжуд. Кичик корхоналарда генераторлар йўқлиги сабабли нон етказиб беришда муаммолар бўлиши мумкин. Чунки ҳажм кўпайган корхоналар сони эса бу талабни қондирилмаслиги мумкин. Катта корхоналарда дизель генератор, сув, солярка, ун бўлиши шарт.
QALAMPIR.UZ: — Нон ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши, электр энергияси йўқлиги нархга таъсир қиладими?
И.Қ.: — Йўқ. Нон нархи кўтарилмади.
QALAMPIR.UZ: — Сизнинг корхонангиз электр энергиясисиз яна қанча ишлаши мумкин?
И.Қ.: — Захирамиз бўйича сув, солярка камида бир суткага етади. Ун эса бемалол 2 суткага етади. Бир кунда 30-35 тоннагача, яъни 60 мингта нон ишлаб чиқариш имонияти бор.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь