Тошкентда Spark йўл четида кетаётган пиёдани уриб юборди
3-саҳифа
−
13 Апрель 2023
5887Тошкент шаҳри Бектемир туманида Spark русумли автомашина ҳайдовчиси йўл четида кетаётган пиёдани уриб юборди. Орадан деярли бир кун ўтиб жабрланувчи вафот этган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, воқеа жорий йилнинг 10 апрель куни тахминан соат 07:30 да Бектемир тумани Олтинтопган кўчасида юз берган. 1988 йилда туғилган фуқаро Spark русумли автомашинани ишончнома орқали бошқариб кетаётиб, оралиқ масофани сақламай йўл четида тўхтаб турган Spark русумли автомашина билан тўқнашиб кетган. Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, йўл чеккасида юриб кетаётган пиёдани уриб юборган.
Оқибатда 1983 йилда туғилган фуқаро турли хил тан жароҳатлари олиб, 2-даражали кома ҳолати ташхиси билан шифохонага олиб борилган. Бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, 11 апрель куни соат 02:15 да вафот этган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.