Тошкентда санъаткор ҳамкасбини ўлдириб қўйди. У 11 йилга қамалди
3-саҳифа
−
13 Август 2022
71108Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситалари сабаб ҳамкасбини пичоқлаб, ўлдирган 26 ёшли санъаткор 11 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, қотил марҳум билан 2016 йилнинг ёз ойларида тўй маросимида хизматда танишган. Шундан сўнг марҳум уни тез-тез наша гиёҳвандлик воситаси билан меҳмон қилиб турган. Бироқ фуқаро айни наркотикка муккасидан кетган вақти таниши наша йўқлигини важ қилиб, 20 000 сўмга “Лирика” олишини тавсия қилган.
“Орадан йиллар ўтди. Зарарли одатга кўра, танишимга истеъмолим учун гашиш сотиб олиш мақсадида қўнғироқ қилдим. 350 000 сўмни олдиндан олиб, гашиш топиб беришни ваъда қилди. Бироқ, олиб келмади. Унга бир неча маротаба қўнғироқ қилдим. Мени ҳақорат қилди, кейин эса қўнғироқларимга жавоб бермай қўйди”, дейди судланувчи.
У танишининг ортидан келиб, пичоқ билан унинг кўкрак қафаси ўнг томон юқори қисми, чап курак ости қисмига санчилган-кесилган жароҳатлари етказади. Танишининг ҳаракатсиз ётганлигини кўрганидан сўнг воқеа жойидан яширинган. Қотил бўлиб ўтган воқеани қуйидагича ҳикоя қилади.
“Зарарли одатга кўра, танишимдан истеъмолим учун гашиш сотиб олиш мақсадида қўнғироқ қилдим. Топиб беришини айтгани учун учрашиб 350 000 сўмни олиб, гашишни олиб келишни ваъда қилди. Бироқ, олиб келмади. Унга бир неча маротаба қўнғироқ қилдим. Мени ҳақорат қилди, кейин эса қўнғироқларимга жавоб бермай қўйди. Ундан қасд олиш учун ўз вақтини кутиб келдим. Дорихонадан 6 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиб олиб, истеъмол қилдим. Уйга қайтганимдан кейин танишимнинг қилган иши эсимга тушиб қолди.
Танишимга қўнғироқ қилиб, “ака, унақа йўқ бўлиб кетманг, бош оғриб кети-ку бирор нима йўқми?”, дея ундан гиёҳвандлик воситаси билан меҳмон қилишини сўрадим. У “укам янги уйимда бир ўзимман, меҳмон қиламан”, деди. Асл мақсадим эса ундан менга нисбатан қилган ҳақорати бўйича қасд олиш бўлган. Манзилга етиб борганимда, танишим кутиб олиб, хонадонига олиб кирди.
Менга уйининг барча хоналарини кўрсатди. Унга “Эсингдан чиқиб қолмадими, 350 000 сўмимни олиб кетгандинг. Ўлганни устига тепган қилиб, онамдан сўкиб, мени ҳароми дегансан”, дея жанжаллашиб кетдик. Сўнг танишимга “Бўлди, нашани олинг, такси кутиб турибди, чакиб кетаман”, дедим. У нашани истеъмол қилиш учун тайёрлаб турган вақтида, ўзи билан ошхонадан пичоқни олиб келди. Унга “Нашани тайёрлаб, ҳаммомга киринг ва челакка сув олинг”, деб алдаб, қўлидан пичоқни олдим.
Шу вақтда у букилган ҳолатида челакка сув тўлдириб турган вақтида, қўлимдаги пичоқ билан ҳаммомга кириб, “Эсингдан чиқдими онамни сўкканинг?”, дея бор кучим билан танасининг турли жойларига бир неча маротаба пичоқ тиқдим. Қўл ва оёқларим билан уриб, унга тан жароҳат етказдим”, дейди айбланувчи.
Жароҳат олган йигит зарбалардан ётган жойидан туролмай қолган. Қотил эса қўлидаги пичоқни ўзи билан олиб, хонадондан тарк этган. Уйнинг йўлакчасида дастрўмол билан қўлидаги қон доғларини тозалайди ва пичоқни дастрўмолга ўраб, чўнтагига солади.
“Кўчага чиқиб, мен билан бирга келиб, машинасида кутиб ўтирган бошқа бир танишим билан кетдим. Машина бошқарувидаги танишимга ушбу ҳолатни билдирмадим. Унинг телефонидан укамга қўнғироқ қилдим. Машинанинг мусиқасини эшитиб кетаётган танишим эшитмайдиган даражада паст овозда укамга бўлиб ўтган ҳолатни айтиб бердим. Кейин йўлда тушиб қолиб, пичоқни каналга ташлаб юбордим. Укам ва бир танишим билан кўришдим. Улар мени автомобилга ўтказиб, ички ишлар органларига олиб боришди. Ходимларга бўлиб ўтган ҳолатларни тўлиқ баён қилиб бердим. Ҳозирда қилган ишидман чин кўнгилдан пушаймонман”, дейди қотилликни содир этган шахс.
Жароҳатланган йигит ҳаёт учун хавфли бўлган, кўкрак қафаси чап томони орқа юзасини тешиб кириши, чап ўпка ва плевра варақаларини шикастлаган санчиб-кесилган жароҳати оқибатида ички ва ташқи қон кетиб, тез-тиббий ёрдам машинасида вафот этган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Музаффар Кукиев чиқарган суд ҳукмига мувофиқ, судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ҳамда 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 96-моддасини қўллаб, жазони ижро этиш жойларида гиёҳвандликдан (наша) ҳамда токсикоманиядан (Регопен, Тропикамид ва Зардекс) мажбурий тарзда даволаш тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши белгиланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь