Тошкентда психотроп моддаларни тайёрлаётган гуруҳ ушланди
3-саҳифа
−
16 Октябрь 2023
8280Тошкентда яширин лаборатория ташкил этиб, психотроп моддаларни тайёрлаш билан шуғулланган олти киши қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари томонидан Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда халқаро курьерлик жўнатмалари орқали хориждан кучли таъсир қилувчи моддаларни контрабанда қилиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Маълум қилинишича, авиажўнатмалар орқали Хитой давлатидан косметика маҳсулотлари тайёрлашда ишлатиладиган восита номи остида юборилган 5 кг “Прегабалин” моддаси тўхтатиб қолинган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу кучли таъсир қилувчи модда 2000 ва 2002 йилларда туғилган уч нафар Ўзбекистон фуқаросига тегишли экани аниқланиб, улар ҳаракатланаётган 1994 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Cobalt русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада, автомашина салонида бўлган 1500 дона “Прегабалин” ва 90 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида улар ижарага олган хонадон кўздан кечирилганда, ушбу манзилда яширин лаборатория ташкил этилгани ва жиноий гуруҳ аъзолари бўлган – 2003 ва 2005 йилларда туғилган икки нафар қиз кимёвий моддаларни аралаштирган ҳолда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тайёрлаш ва бўш капсулаларга қадоқлаш билан шуғулланиши маълум бўлган.
Мазкур хонадондан сотишга тайёрлаб қўйилган 376 дона “Прегабалин” капсуласи, 101 дона флаконда “Тропикамид”, 14 килограмм 150 грамм кучли таъсир қилувчи моддалари кукуни, 9 та полиэтилен қопда бўш капсула ва флаконлар, 20 литр хлорид кислотаси, электрон тарози, колба, миксер ва шприцлар процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Ҳозирда жиноий гуруҳнинг олти нафар аъзосига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.