Тошкентда охирги 5 йилда бирорта ҳам бола ўғриланмаган – пойтахт ИИББ
Жамият
−
26 Февраль 2023
5260Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда бола ўғрилиги билан боғлиқ ҳолатлар кўпайгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ахборот мультимедиа маркази бошлиғи Нилуфар Исаханова брифинг ўтказди.
Жорий йилнинг шу даврида қадар пойтахтда бола ўғирланганига оид 6 та хабар тарқалган. Маълум қилинишича, ҳар бир хабар ўрганилган, лекин бирорта ҳам хабар ўз тасдиғини топмаган.
Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри ҳудудида сўнгги 5 йил давомида бирорта ҳам бола ўғирланиши ҳолати содир бўлмаган ва жиноят иши қўзғатилмаган.
“Тўғри вояга етмаганлар орасида бедарак кетганлар бўлган, лекин ҳар битта бола топилган ва оиласига соғ-саломат қайтарилган”, дейди Нилуфар Исаханова.
Қайд этилишича, вояга етмаганларнинг уйдан чиқиб кетишига асосий сабаб оилалардаги низолар бўлган. Кичик ёшдаги болаларнинг йўқолишига эса адашиб қолгани сабаб бўлган.
Маълум қилинишича, 2022 йилда 231 нафар вояга етмаганлар бедарак кетган сифатида рўйхатга олинган. Хусусан, 10 ёшгача бўлган 32 нафар бола, 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган 32 нафар бола ҳамда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган 167 нафар бола рўйхатда қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ўқувчини олиб кетмоқчи бўлган эркак 10 сутка муддатга қамалгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси