Тошкентда молиявий пирамида ташкил этиб, одамлардан $3 млн ўзлаштирган “трейдер” ушланди

3-саҳифа 17735
image

ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ўзини трейдерлик билан шуғулланаётганини айтиб, молия-иқтисод соҳасида етарли билим ва тажрибага эга бўлмаган фуқароларни ишончига кирган ҳолда, уларнинг шахсий маблағларини ноқонуний ўзлаштириб келган масъулияти чекланган жамият фаолиятига чек қўйилди.

Қайд этилишича, 1995 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланган шахс 2020 йилда Тошкент шаҳрида “Realnaya Investitsiya” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этган ва мижозлар топиш мақсадида Telegram ҳамда Instagram’да гуруҳ очиб, тарғибот ишлари олиб борган.

МЧЖ раҳбари мижозлардан 15 минг АҚШ долларидан 200 минг АҚШ долларигача бўлган миқдорда пул маблағларини қабул қилиб олган ҳамда уларга ҳар ойда камида 10 фоиздан фойда беришни вада қилиб, ушбу фойдани янги жалб қилинган фуқароларнинг пул маблағлари ҳисобидан тўлаб келгани айтилмоқда.

Ҳозирги кунда МЧЖ раҳбарининг 100 нафар атрофидаги шахслардан жами 2,5-3 млн АҚШ доллари миқдорида қарздорлиги мавжуд.

Таъкидланишича, МЧЖ раҳбари ноқонуний йўл билан топилган даромадларини бир нечта кўчмас мулклар ва қимматбаҳо автомашиналар харид қилиш орқали легаллаштирган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан масъулияти чекланган жамият раҳбари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, МЧЖ раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 168, 178, 179, 184, 1881, 189 ва 243-моддаларини қўллаган ҳолда мазкур жиноят ишида айбланувчи сифатида жалб этилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

“Ҳурматли фуқаролар “Realnaya Investitsiya” масъулияти чекланган жамиятидан жабр кўрган бўлсангиз, Тошкент шаҳар прокуратурасига мурожаат қилишингиз тавсия этилади”, дейилади ДХХ хабарида.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 557
Рейтинг: 3
Теглар
t
×