Тошкентда Мирзиёевнинг “Аср лойиҳаси” бўйича халқаро музокаралар бўлиб ўтди

Жамият 4687
image

Жорий йил 6-7 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида Афғонистон ҳудуди орқали ўтувчи “Термиз –Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар” темир йўл линиясини лойиҳалаш ва қуриш бўйича транспорт вазирликлари ва идораларнинг маъсул раҳбарлари ва мутасадди вакиллари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди.

Музокаралар уч томонлама – Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон ва кўп томонлама – Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Афғонистон, Покистон бўлиб ўтган.

“Томонлар қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, халқаро транспорт коммуникациялари ва савдо алоқаларининг минтақалараро ҳамкорлигини ривожлантириш, шунингдек, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ҳамкорликни чуқурлаштиришда мазкур лойиҳанинг юксак аҳамияти ҳақида таъкидлаб ўтдилар”, дейилади “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хабарида.

Йиғилиш якунида томонлар тез орада, илгари сурилган темир йўл линиясини қуриш лойиҳасини жойига чиқган ҳолда ўрганиш, ишчи гуруҳлар йиғилишини доимий равишда ўтказиш ва дастлабки техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқгандан сўнг лойиҳага халқаро молия институтларини жалб қилиш бўйича келишиб олган.

Аввалроқ Афғонистон томони Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган Сурхон – Пули-Хумри электр узатиш линияси ва Мозори Шариф-Қобул-Пешовар темир йўли қурилиши каби инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни имкон қадар тезроқ бошлашга тайёрлигини тасдиқлаганди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон айнан Афғонистон орқали темир йўл қуриб, денгизга чиқишни режа қилган. Бу учун бир неча йирик лойиҳалар ҳам тайёрланган. Жорий йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” номли йирик халқаро анжуман айнан ушбу лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган. Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг июнь ойида Сурхондарё вилоятига қилган ташрифида Ўзбекистонни денгизга олиб чиқиши мумкин бўлган “Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўли қурилишини юқори баҳолаб, уни “аср лойиҳаси”, деб атаган эди. Ушбу темир йўл линияси айнан Сурхондарё вилоятининг маъмурий маркази Термиздан бошланади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 129
Рейтинг: 3
t
×