“Толибон” Мирзиёевнинг “Аср лойиҳаси”ни хавф остида қолдирди. Энди Тошкент қандай йўл тутади?
Жамият
−
27 Ноябрь 2021
71124“Толибон” ҳаракатининг Афғонистонда ҳокимиятга келиши Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё учун мўлжаллаган режаларини хавф остида қолдирди. “Euronews” мухбири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан ушбу мавзу доирасидаги суҳбатда қуйидагича савол билан юзланди:
“Толибон” ҳокимиятга келишидан аввал Афғонистон Ўзбекистоннинг муҳим савдо ҳамкорларидан бири эди. Ўртада Афғонистон орқали ўтувчи ва Ўзбекистонни денгиз портлари билан боғловчи темир йўл қуриш режаси ҳам бор эди. Афғонистондаги ҳозирги вазият Марказий Осиё учун хавфсизлик борасидаги энг йирик муаммолардан бири сифатида кўрилаётган бир пайтда расмий Тошкентнинг стратегияси қандай бўлади?”.
Фото: Содиқ Сафоев
Ушбу саволга Содиқ Сафоев қуйидагича жавоб қайтарди:
“Бугун Афғонистон яна бир бор гуманитар инқироз ёқасида турибди. Афғонистонни минтақавий ва глобал жараёнга қўшишни давом эттириш жуда муҳим. Халқаро ҳамжамият ўтган давр хатосини такрорлай олмайди ва узоқ вақт азоб чеккан ушбу мамлакатни тақдир ҳукмига ташлаб қўя олмайди. Узоқ муддатли тинчлик фақат миллий ярашув ва инклюзив ҳукумат натижаси бўлиши мумкин. Афғонистоннинг янги расмийлари ва жаҳон ҳамжамияти ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ҳам зарур. Афғонистонда иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни давом эттириш керак. Бу бутун минтақа ва Афғонистоннинг ўзини халқаро иқтисодий муносабатларга жалб қилиш имкониятларини оширмайди, балки Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун янги имкониятларни очади”.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон айнан Афғонистон орқали темир йўл қуриб, денгизга чиқишни режа қилган. Бу учун бир неча йирик лойиҳалар ҳам тайёрланган. Жорий йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” номли йирик халқаро анжуман айнан ушбу лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган. Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг июнь ойида Сурхондарё вилоятига қилган ташрифида Ўзбекистонни денгизга олиб чиқиши мумкин бўлган “Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўли қурилишини юқори баҳолаб, уни “аср лойиҳаси”, деб атаган эди. Ушбу темир йўл линияси айнан Сурхондарё вилоятининг маъмурий маркази Термиздан бошланади.
Фото: Президент Сурхондарёда
“Тасаввур қилинг, битта ўзбек контейнерини Эрон ёки Покистон орқали ташиш 3–4 баравар арзонлашади, вақт 4–5 баравар қисқаради... Экспорт қилиш учун йўл керак. Йўл қисқа ва арзон бўлганида, барқарор иқтисодий ривожланиш таъминланади, бу тадбиркорларга фойда олиб келади”, деган эди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этиш керакки, Афғонистон орқали темир йўл қуришда айнан Ўзбекистоннинг имкониятлари бошқа давлатларга қараганда кўпроқ. Чунки Сурхондарё вилояти билан чегарадош ҳисобланган Афғонистоннинг Балх вилояти керакли инфратузилмага эга.
“Толибон” ҳаракатининг жорий йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олиши бир қарашда Ўзбекистоннинг барча режаларини “пучга чиқаргандек” бўлди. Бироқ, расмий Тошкентнинг ҳозирча “ҳафсаласи пир” бўлгани йўқ. Ўзбекистон интенсив равишда Қобулнинг янги “эгалари” билан “тил топишиш”га уринмоқда. Бунда аввал режа қилинган лойиҳаларни амалга оширишдан ҳам кўра хавфсизлик масаласи кун тартибида кўпроқ устунликка эга.
LiveБарчаси