Тошкентда мактабдаги дарахтларни кесган эркакка жиноят иши очилди
3-саҳифа
−
09 Июнь 2023 5541 1 дақиқа
Пойтахт Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги умумтаълим мактаб ҳудудида 26 та туп дарахт кесилиши ортидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Келтирилишича, жорий йилнинг 28 май куни фуқаро С.А. томонидан Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфидаги ихтисослаштирилган мактаб (собиқ 171-умумтаълим мактаби) ҳудудида 26 туп гледичия дарахти ноқонуний равишда кесилган. Оқибатда ўсимлик дунёсига 312 180 000 сўмлик зарар етказилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 май куни дарахтлар мазкур мактабга туташ ҳудудни эгаллаган гараж хўжалиги вакили томонидан кесилгани айтилганди. Шунингдек, бунинг ортидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ҳамда Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ўрганиш ишлари олиб борилаётган эди.
Live
Барчаси